Ўзбекистонга 900 млн доллар миқдорида кредит ажратилади
Лойиҳа Ўзбекистоннинг ўрта ва кичик шаҳарларида шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва кичик бизнес учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалга оширишни, жумладан, асосий инфратузилма тўсиқлари ва чекловчи омилларни бартараф этиш орқали ўрта шаҳарларнинг ҳаёт сифатини, функционаллиги ва жозибадорлигини оширишни ўз ичига олади

Ўзбекистон давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва бошқа мақсадларда халқаро молия институтлари билан 900 миллион долларлик кредит шартномаларини имзолади. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, молия институтлари Ўзбекистонга давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, Бухоронинг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш учун 900 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратади.
Хусусан, 2022 йил 3 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда Молия вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки (OTB) ўртасида бюджетни қўллаб-қувватлаш мақсадида 500 миллион долларлик кредит битими имзоланди.
Фаол контрациклик харажатлар орқали барқарорликни ошириш лойиҳаси Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги, нархлар барқарорлиги, бизнесни қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри ижтимоий ёрдам, тадбиркорлик ва бандлик билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришда ёрдам бериши кутилмоқда.
Халқаро Ислом савдо ва молия корпорацияси (ITFC) давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар ажратади.
Шунингдек, Молия вазирлиги ОТБ билан келишувга биноан Орол денгизи ҳавзасида иқлимга мослашган сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси учун 3,3 миллион доллар грант олди.
Бундан ташқари, ОТБ, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ўртасида Бухоро иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Биринчи босқичда Бухоро шаҳридаги иссиқлик таъминоти инфратузилмасини янгилаш учун 100 миллион доллар миқдорида кредит жалб қилинмоқда.
Молия вазирлиги «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш учун Жаҳон банки ва Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан 200 миллион доллар (ҳар бири 100 миллион доллар) жалб қилмоқда.
Қайд этилишича, Марказий банк кейинги йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши таркибий ўзгаришларнинг мантиқий якунланиши, давлатнинг иқтисодиётдаги ролининг қисқариши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлади.
Самарқандда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган форумда сўзга чиққан молия вазири Тимур Ишметов бугунги кунда ташқи қарзни жалб қилиш қимматга тушганини, шу боис Ўзбекистон асосий эътиборни умумий иқтисодий сиёсатни хусусий пул маблағларидан фойдаланишга йўналтиришга олиб келадиган таркибий ислоҳотларга қаратиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистонда бюджет интизомини таъминлаш учун давлат бюджети тақчиллигини камайтиришга эътибор қаратиш лозимлигини айтди.
«Бизнинг сиёсатимиз инфляцияга қарши курашиш учун мувофиқлаштирилиши керак… ҳатто барча харажатларимизни қисқартиришимиз керак бўлса ҳам. Лекин бу яхшилик учун», — дейди Ишметов.
Аввалроқ Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистонга 200 млн доллар кредит ажратгани ҳақида хабар берилганди. Бунда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ОИИБдан умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган кредит линиясини жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришганди.






