Озиқ-овқат нархлари юқори даражада ўсиши тахмин қилинди
Маълумотларга кўра, келгуси ўн йилликда озиқ-овқат истеъмоли суръати уни ишлаб чиқариш тезлигидан тезроқ ўсади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, жаҳонда озиқ-овқат нархлари март ойидаги юқори ўсишдан сўнг, сентябрь ойида кетма-кет олтинчи ой пасайган. Бироқ бу кўрсаткич ўтган йил билан солиштирилганда юқорилигича қолмоқда.
ФАО ҳисоб-китобларига кўра, сентябрь ойида озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 136,3 пунктни ташкил этди, бу август ойига нисбатан 1,1 фоизга паст. Индекснинг пасайиши кетма-кет олтинчи ой давом этаётган бўлсада, бироқ у 2021 йилнинг сентябрь ойидаги даражасидан 5,5 фоизга юқорилигича қолмоқда.
Украинадаги воқеалар фонида озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33,6 фоизга ва февраль ойига нисбатан 12,6 фоизга кўтарилганди.
Сентябрь ойида дон, гўшт, ўсимлик ёғи, шакар ва сут маҳсулотлари орасидан фақат дон қимматлашди.
Улар учун нархлар индекси август ойига келиб 1,5 фоизга ошди. Аргентина ва АҚШда ёғингарчиликнинг етишмаслиги, Европа Иттифоқи давлатларининг жаҳон бозорларида буғдой сотиб олишга қизиқиши ортиши сабабли буғдойнинг жаҳондаги нархлари сентябрь ойида 2,2 фоизга ошди. Шунингдек, экспортдаги чекловлар туфайли гуруч нархлари индекси сентябрь ойида 2,2 фоизга кўтарилди.
Қолган тўрт тоифадаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бироз пасайди. Ўсимлик ёғи нархи август ойига нисбатан 6,6 фоизга арзонлаб, 2021 йил февралидан бери энг паст даражага тушди. Шакар нархлари индекси 0,7 фоиз камайиб, 2021 йил июлидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.
Евронинг долларга нисбатан қадрсизланиши сут маҳсулотларини 0,6 фоизга арзонлашига сабабчи бўлди. Шунингдек, гўшт нархлари индекси 0,5 фоизга тушди.
Хабарда келтирилишича, сут ва гўшт индексларининг пасайишига қарамай, 2021 йилги кўрсаткичлар билан солиштирилганда нархлар юқорилигича қолмоқда. Йиллик кўрсаткичда мос равишда 20,7 фоиз ва 7,7 фоизни ташкил этган.
Мутахассисларнинг фикрича, кейинги ўн йилликда озиқ-овқат истеъмоли даражаси уни ишлаб чиқариш суръатидан тезроқ ўсади. Натижада озиқ-овқат тақчиллиги озиқ-овқат нархини юқори даражада ушлаб туради. Қайд этилишича, 2022-2031 йилларда жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳар йили 1,1 фоизга, истеъмол ҳажми эса 1,4 фоизга (биринчи навбатда аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига) ўсади.





