Қирғизистонда казинога рухсат берилди. Жапаров тегишли қонунни имзолади
Қирғизистон фуқароларига казинода қимор ўйнашга рухсат берилмайди.
Қирғизистонда казино қонунийлаштирилди. Мамлакат Президенти Садир Жапаров «Қирғизистон Республикасида қимор ўйинлари тўғрисида»ги ва «Қимор ўйинлари масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунларни имзолади.
Маълумот учун, қонунлар Жогорку Кенеш томонидан 2022 йил 22 июнда қабул қилинганди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг тушунтиришича, қонунларнинг мақсади сармояларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали давлат бюджетига қўшимча маблағларни жалб этишдан иборат.
Казино очиш тартиби
Казино тўғрисидаги қонунда қимор фаолияти субъэктлари Қирғизистон қонунчилигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар, шу жумладан хорижий шахслар эканлиги белгилаб қўйилди.
Ваколатли давлат органи томонидан 10 йил муддатга бериладиган лицензия асосида фақат масъулияти чекланган жамият ёки ёпиқ акциядорлик жамияти шаклидаги юридик шахслар қимор фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Лицензиялар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда пуллик берилади.
Чекловлар
Шу билан бирга, қимор ўйинлари муассасаси болалар боғчалари, мактаблар, университетлар, бошқа таълим муассасалари, тиббиёт ва диний муассасалар, маданият муассасалари, шунингдек турар-жой биноларида жойлашган бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, Қирғизистон фуқаролари, 21 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари ва муомалага лаёқатсиз хорижий фуқароларга казинода қимор ўйнашга рухсат берилмайди.
Аввалроқ Россияда WebMoney лицензияси бекор қилинганди. Россия банки кредит ташкилотининг фаолияти унинг «соядаги» қимор бизнесига, молия бозорининг ноқонуний иштирокчиларига хизмат кўрсатишда иштирок этиш хавфи ортиши билан тавсифлаганди.