«Қишлоқ қурилиш банк» ва Uzcard банкоматдан картасиз нақд пул ечиш хизматини жорий қилди
«Қишлоқ қурилиш банк» ва «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ ҳамкорлигида «Код орқали нақд пул ечиш» хизмати тақдимот қилинди.
АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан «Замонавий банк хизматлари: сифат ва қулайлик» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда банк томонидан амалиётга жорий қилинган замонавий хизматлар ҳақида ахборот берилди.
Ҳозирда банкда мобил иловалар орқали хизмат кўрсатиш, ушбу савдо канали орқали банк маҳсулотларини кенгайтириб бориш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, QUANT мобил иловасида икки томонлама конверсия VISAдан Uzcard Humo ўтказмалар ҳамда VISA карталари ўртасида валютада картадан картага (P2P) ўтказмалари йўлга қўйилди.
Шунингдек, мобил илова орқали масофадан онлайн идентификация ва верификациядан ўтишда тижорат банклари ичида биринчилардан бўлиб MyID тизими билан интеграция қилинди. Бу банкка келмасдан банк хизматлари, жумаладан онлайн шаклда омонат очиш, онлайн микроқарз олиш, масофадан туриб банк картларига буюртма бериш, бир лаҳзада бепул виртуал карталар очиш имконини беради.
Шу билан бирга, реквизит орқали ҳисобварақларга маблағ ўтказиш ва шахсий кабинет функциялари киритилди.
Бундан ташқари, SoftPOS дастури орқали смартфонларда тўлов терминали сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, смартфон ёрдамида Humo карталари орқали тўловни қабул қилиш мумкин.
Матбуот анжуманида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» процессинг маркази имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Жорий йилнинг феврал ойидан бошлаб банкда VISA халқаро тўлов карталарига хизмат кўрсатувчи процессинг маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур процессинг марказининг мавжудлиги мижозлар учун бир қанча янги имкониятларни тақдим қилади. Хусусан, банкнинг барча филиалларида эмбоссер қурилмалари орқали VISA тўлов тизимлари карталарини тезкор эмиссия қилиш имконияти яратилди.
Аввал барча филиаллар томонидан муомалага чиқарилган VISA халқаро тўлов карталари банкнинг марказий идорасида эмиссия қилиниб, почта орқали филиалларга юборилар эди. Карталарни филиалларга етказиш учун ўртача 3-4 иш куни талаб этилар эди. Ҳозирда мижоз томонидан халқаро тўлов картасига ариза берилганидан сўнг 15-20 дақиқа ичида картани мижозга топшириш имконияти мавжуд.
Янги хизматлардан бири — 3D Secure технологиясига асосланган Verified by Visa хизмати йўлга қўйилди. Мазкур хизмат халқаро тўлов картасидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш билан бирга, фирибгарликларнинг олдини олади. Бу онлайн харидлар учун тўловларни амалга оширишда энг хавфсиз ҳимоя тизими бўлиб, айрим интернет дўконлар, меҳмонхонларни бронлаш, масофадан туриб авиачипталарга тўловларни бажаришда қўл келади.
Тадбирда АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ ҳамкорлигида жорий қилинган янги инновацион хизмат — «Код орқали нақд пул ечиш» хизмати тақдимот қилинди.
Қайд этилдики, электрон аxборот ташиш воситаларини, жумладан, тўлов карталарини виртуаллаштириш жараёни — замонавий банк теxнологиялари ривожланишининг асосий йўналишларидан биридир. Шу тенденция асосида банк томонидан UZCARD тўлов тизими билан биргаликда QUANT мобил иловаси орқали «Код орқали нақд пул ечиш» хизмати жорий қилинди.
Ушбу xизматнинг асосий афзалликлари пластик карта уйда қолиб кетган, лекин пул зарур бўлган вазиятда бу — қулайлик, вақтни тежаш ва амалиётлар ўтказилишидаги xавфсизликдир. Шунингдек, содир бўлиши мумкин бўлган xавфларни минималлаштириш мақсадида операцияни тасдиқлашнинг қўшимча усуллари жорий этилди.
Реклама