Қозоғистон бозорида етакчи бўлган Chevrolet ва Ravon, 4,6 млрд сўмни ўзлаштириб юборган «Халқ банки» ходимлари ҳамда ўзбекистонликларни иш танлашда қизиқтираётган жиҳатлар — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2022 йилнинг 11 февраль санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Қозоғистон бозорида етакчи бўлган Chevrolet ва Ravon
Chevrolet ва Ravon яна Қозоғистон автомобиль бозорида етакчи бўлди. Қозоғистон Автомобиль бозорини таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш маркази ҳисоботида қайд этилишича, 2021 йили Chevrolet ва Ravon автомобиллари Қозоғистон автомобиль бозорининг 23 фоизини эгаллаган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 6 фоизга кўпдир.
Кейинги ўринларни Hyundai — 20 фоиз, Toyota — 14 фоиз, KIA — 9 фоиз, LADA — 7 фоиз ва бошқа брендлар — 27 фоиз билан банд этган.
Шунингдек, 2021 йил давомида Chevrolet ва Ravon автомобиллари учун дастлабки рўйхатга олинганлар сони 30,1 мингтани ташкил этган бўлса, Hyundai — 25,1 минг, Toyota — 18,3 минг, KIA — 12 минг, LADA — 9,34 минг ва бошқалар — 34 мингтани ташкил қилган.
Қозоғистон автомобиль бизнеси ассоциацияси маълумотларига кўра, 2021 йилда расмий дилерлар томонидан 117,6 мингта автомобиль сотилган. Шундан 29,1 мингтаси Chevrolet и Ravon ҳиссасига, Hyundai — 22,7 минг, Toyota — 13,8 минг, KIA — 9,7 минг, LADA — 9,36 минг ва бошқа брендларга — 32,9 мингтадан тўғри келган.
4,6 млрд сўмни ўзлаштириб юборган «Халқ банки» ходимлари
«Халқ банки»нинг Андижон вилояти Амалиёт бўлими ходимлари катта миқдорда пул ўзлаштиргани аниқланди. Республика Бош прокуратурасининг маълум қилишича, прокуратура томонидан АТ «Халқ банки» Андижон вилояти Амалиёт бўлими ходимлари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Тергов давомида банк ходимлари 4,6 миллиард сўмни ўзлаштирганликлари аниқланган», дейилади прокуратура хабарномасида.
Ушбу камомадга йўл қўйган 13 нафар банк ходимларига Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш) билан айб эълон қилинган. 11 нафарига эса қамоқ, 2 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонликларни иш танлашда қизиқтираётган жиҳатлар
«HeadHunter Ўзбекистон» Kommers.uz’га ўзбекистонликлар иш танловида энг кўп эътибор қаратадиган жиҳатлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Яқиндагина кириб келган 2022 йилнинг воқелиги шуни кўрсатадики, ишга жойлашиш нафақат иш изловчилар, балки иш берувчилар учун ҳам осон вазифа эмас. Инсон капитали учун рақобат деярли икки бараварга ошган ва ўсишда давом этмоқда. Бугунги кунда иш берувчилар иш изловчиларга бозордаги энг яхши шароитларни яратиш учун ҳар доимгидан кўпроқ ҳаракат қилишлари керак.
Хўш, ўзбекистонликлар аслида нима хоҳлайди? 2022 йил 30 январдан 7 февралгача ўтказилган сўровга кўра, иш изловчилар иш таклифини кўрганида биринчи навбатда эътибор берадиган нарса — «ёғли» маошдир. Бу билан фуқароларнинг 49 фоизини қизиқтириш ва жалб қилиш мумкин.
Яна 30 фоиз респондентлар мотивация манбаи сифатида қизиқарли вазифаларни танлаган. Асосан 18–29 ёш орасидаги ахборот технологиялари соҳаси вакиллари ва офис ходимлари шундай жавоб берган. Бундан ташқари, корпоратив маданият, қўшимча имтиёзлар, иш берувчининг жойлашуви, карьеравий ўсиш ва масофадан туриб ишлаш имконияти каби жавоблар ҳам бор.
Таъкидланишича, энг талабгир таклиф — иш берувчи ҳисобидан ташкиллаштирилган тушлик бўлган. Респондентларнинг 39 фоизи буни ҳамма нарсадан афзал кўради.
Шунингдек, тиббий суғурта (17 фоиз) ва спорт зали учун тўлов (17 фоиз) иккинчи ўринни эгаллаган. Корпоратив транспорт (16 фоиз) ва дўконларга чегирма купонлари (3 фоиз) кейинги ўринлардан жой олган.
Бундан ташқари, сўровда қатнашганлар ўз вариантларини сифатида турар жой/интернет/ўқитиш тўлови, пулли рағбатлантириш, мослашувчан иш вақти ва меҳнат давомидаги кўнгилочар машғулотларни таклиф этган.
HeadHunter (hh.uz) Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи онлайн иш қидириш ва ходимларни ишга ёллаш платформаси ҳисобланади.
Лицензияси бекор қилинган WebMoney
Россия Марказий банки «Консерватив тижорат банк»нинг (КТБ) лицензиясини қайтариб олди. КТБ WebMoney пул ўтказмалари тизимининг ҳисоб-китоб банки ҳисобланади.
Маълум қилинишича, банкнинг лицензияси 11 февралдан бошлаб бекор қилинган. Марказий банк КТБ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида қонун бузилишларига йўл қўйганини лицензия бекор қилинишига сабаб сифатида кўрсатган.
Бундан ташқари, ҳисоботда айтилишича, банк федерал қонунлар ва Марказий банкнинг банк фаолиятини тартибга солувчи қоидаларини бузган, шунинг учун регулятор ўтган йил давомида бир неча марта чоралар кўрган, хусусан, айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар қўйган.
«Кредит ташкилотининг фаолияти унинг ‘соядаги’ қимор бизнесига, молия бозорининг ноқонуний иштирокчиларига хизмат кўрсатишда иштирок этиш хавфи ортиши билан тавсифланади», дейилади Россия банки баёнотида.
Регуляторга кўра, КТБ аслида «анъанавий банк иши» билан шуғулланмай, электрон тижорат хизматларини кўрсатмаган ва мижозларнинг шаффоф бўлмаган маблағ манбаларини, шунингдек, уларнинг иқтисодий асосларини ўрганмаган.
Марказий банк 1,4 миллион рублдан кўп бўлмаган миқдорда КТБнинг ҳар бир омонатчисига маблағлар 100 фоиз қайтарилишини кўрсатган. Маблағлар қайтарилиши билан «Омонатларни суғурталаш агентлиги» давлат корпорацияси шуғулланади.
Ўзбекистон Россия алкоголини энг кўп харид қилувчилар қаторида
Ўзбекистон Россия алкоголь маҳсулотларини импорт қилувчи етакчи давлатлар қаторига кирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон 2021 йил Россиядан алкоголь импортини 2,7 баробарга ошириб, 999 минг долларга етказган.
Маълум қилинишича, Россия 2021 йил ташқи бозорларга 2,7 миллион декалитрдан ортиқ кучли алкоголли ичимликлар етказиб берган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга кўпдир. Экспортдан тушган тушум 20 фоизга ошиб, 195 миллион долларни ташкил этган.
Експорт ҳажмининг асосий қисми анъанавий тарзда ароққа тўғри келган, унинг савдоси 5,6 фоизга ошиб, жисмоний кўрсаткичда 2,3 миллион декалитрни, пул ифодасида эса 12 фоизга ошиб, 160 миллион долларни ташкил этган.
Ўтган йили Россия 75дан ортиқ мамлакатларга кучли спиртли ичимликларни экспорт қилган. 2020 йилда бўлгани каби, энг йирик харидорлар Европа давлатлари — Латвия, Буюк Британия ва Германия бўлди. Ўтган йили Латвияга етказиб бериш ҳажми 51 фоизга ошиб, 260 минг декалитрни, пул ифодасида эса 69 фоизга ошиб, 32 миллион долларни ташкил этган.
Буюк Британия харидларни 30 миллион долларга (-11 фоиз) камайтирган, Германия уни 26 миллион долларга (+16 фоиз) оширган. Россиядан кучли алкоголли ичимликлар импорт қилувчи бешталик қаторига Украина (22 миллион доллар, 27 фоиз ўсиш) ва Қозоғистон (14 миллион доллар, 74 фоиз ўсиш) ҳам кирган.
Бундан ташқари, Хитой (+66 фоиз — 9,1 млн доллар), Озарбайжон (+62 фоиз — 3,1 млн доллар), Грузия (+32 фоиз — 2,5 млн доллар), Веьтнам (3,1 баробар — 1,1 млн доллар), Венгрия (+62 фоиз — 1,1 миллион долларга) ва Ўзбекистон (2,7 баробар — 999 минг долларгача) Россиядан алкоголь импортини сезиларли даражада оширган.
Рақамлаштирилаётган Тошкент чорраҳалари
Тошкент шаҳрида 300 та чорраҳа 2022 йил якунига қадар рақамли тизимга ўтказилади.
Президент йиғилишида маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини рақамли бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш тизимини жорий этиш тўлиқ шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказилади.
Таъкидланишича, Президент томонидан 2022 йил якунига қадар пойтахтнинг 300 та чорраҳасини, келгуси йилда эса қолган 302 тасини рақамли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилган.
Топ-10 банклардаги омонатларнинг юқори фоиз ставкалари
Ўзбекистон тижорат банкларидаги аҳоли омонатларининг юқори фоиз ставкалари 21,1 фоизни ташкил қилди.
Маълум қилинишича, банк тизимидаги топ-10 тижорат банкининг юқори фоиз ставкалари бўйича навбатдаги мониторинг ўтказилган. Аниқланишича, 2022 йил 1 февраль ҳолатида ушбу банклардаги аҳоли омонатларининг юқори фоиз ставкалари 20–22 фоиз атрофида шаклланиб, ўртача 21,1 фоизни ташкил қилган.
Таъкидланишича, аҳоли омонатлари бўйича юқори фоиз ставкаларини аниқлашда барча мижозлар, шу жумладан, потенциал мижозлар учун оммабоп, чекловлар ва олдиндан шартлар мавжуд бўлмаган банк омонатларининг юқори ставкалари ҳисобга олинган.
Шунингдек, алоҳида тоифадаги мижозлар (пенсионер, болалар, талабалар ва ҳ.к.) учун мўлжалланган ҳамда капитализация қилинадиган омонатлар ҳисобга олинмаган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






