
Қозоғистон Миллий банки кутилмаганда асосий ставкани оширди
Таҳлилчилар базавий ставканинг 9,75 фоиз даражасида сақланиб қолишини кутган эди.

Қозоғистон Миллий банки базавий ставкани йиллик 9,75 фоиздан 10,25 фоизга кўтаришга қарор қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Олдинроқ ўтказилган сўровда таҳлилчилар базавий ставка 9,75 фоиз даражасида сақланиб қолишини кутган. DAMU Capital Management бош директори Мурат Кастаев энг яхши йўл сифатида ставкани март ойигача бир хил даражада ушлаб туриш кераклигини айтган.
Қозоғистон эмитентларининг қимматли қоғозлари йил бошидан буён мамлакатдаги нотинчликлар туфайли арзонлашган, суверен рисклар эса кучайган. Бу давлат облигациялари бўйича даромадлиликнинг ўсишида намоён бўлган.
«Бундай шароитда регулятор томонидан базавий ставканинг пасайтирилиши инвесторларнинг тенге активларидан чиқиб кетишини янада кучайтиради ва тенге курсини заифлаштиради. Шунингдек, 2021 йилда инфляция юқори бўлган. Ўшанда пандемия, фавқулодда ҳолат ва блокировкалар натижасида ички талаб бостирилган эди», — дея огоҳлантирган Кастаев.
«Газпромбанк»нинг МДҲ давлатлари бўйича бош иқтисодчиси Гулнора Хайдаршинанинг фикрича, базавий ставканинг ўзгармаслиги иқтисодиётнинг тикланишини қўллаб-қувватлаш ва кредитлар (шу жумладан, истеъмол кредитлари) нархининг ошишига йўл қўймасликка ёрдам беради. Шунингдек, яқин келажакда инфляцияга қарши асосий чора-тадбирлар эса монетар бўлмаган хусусиятга эга бўлади.
«Инфляцияга қарши курашда январь ойининг биринчи ярмида амалга оширилган номонетар чора-тадбирлар энди биринчи ўринга чиқмоқда. Бунга, биринчи навбатда, айрим тоифадаги озиқ-овқат товарларига қўйилган назорат, шунингдек, коммунал тўловларнинг 1 июльгача музлатилиши киради. Дуккакли маҳсулотлар билан бир қаторда айрим ижтимоий аҳамиятга эга товарларнинг экспортига ҳам чеклов ўрнатилган», — дейди у.
Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, бойлик тенгсизлиги бўйича қайси давлатлар Қозоғистондан олдиндалиги ҳақида хабар берилди.






