Қозоғистон Ўзбекистоннинг ИҲТ раислигидаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди
Ўзбекистон Қозоғистоннинг МДҲга раислиги доирасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг Оқўрда қароргоҳидаги музокараларида томонлар халқаро ташкилотлардаги фаолиятларини ўзаро қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Хусусан, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон эса Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Минтақавий ва халқаро майдондаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидек самарали платформани яратишга муваффақ бўлингани, унинг доирасида умумий уйни комплекс ривожлантириш йўллари белгиланаётганини алоҳида қайд этган.
Музокараларда минтақада хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларга, энг аввало қўшни Афғонистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон позициялари тўлиқ мос экани тасдиқланган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ўзаро савдо ҳажми рекорд даражага етиши кутилаётгани хабар қилинганди.






