Самарқанд халқаро аэропорти декабрь ойи ўрталаригача ёпиқ бўлади
Янги аэродром комплекси ва янги аэронавигация ускуналарини фойдаланишга тайёрлаш давом этмоқда

Самарқанд халқаро аэропортининг ёпилиши декабрь ойининг ўрталарига қадар узайтирилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Самарқанд» халқаро аэропортида янги аэродром комплекси ва янги аэронавигация ускуналарини фойдаланишга тайёрлаш билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда. Шу муносабат билан аеропортнинг ёпилиши жорий йилнинг 15 декабрига қадар узайтирилади.
Қайд этилишича, барча авиарейслар республиканинг бошқа халқаро аэропортларига — «Навоий», «Бухоро», «Қарши» аэропортларига йўналтирилади.
Шунингдек, Самарқандда 2022 йилда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик доирасида янги аэродром комплекси қурилиши давом этаётганлиги хабарда эслатилган.
Аввалроқ Наманган халқаро аэропорти илк марта Санкт-Петербургдан «Аэрофлот» парвозини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.






