Сардор Умурзоқов Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан учрашди
Томонлар Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди

Нурсултон шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, музокаралар чоғида сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, томонлар ҳозирги вақтда ишлаб чиқилаётган ва икки томонлама инвестициявий, саноат савдо ҳамкорлиги шаклини белгиловчи бир қатор янги ҳужжатларнинг қисқа муддатларда тасдиқланишини қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёр эканликларини билдирган.
Шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада биргаликда ўрганишни талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш, транспорт ва логистика соҳасидаги қатор масалалар муҳокама қилинган. Улар бўйича икки мамлакат манфаатларига жавоб берадиган ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, мулоқот чоғида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр ва таклифлар алмашилган.
Музокаралар якунида қўшма ташаббуслар ва ҳамкорлик дастурларини илгари суриш юзасидан ҳамкорлик қилишнинг навбатдаги қадамлари белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи савдоси кўрсаткичларининг ҳолати хабар қилинганди. Шунингдек, Сардор Умурзоқов Сеулда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилди.






