Сарҳисоб: Ўзбекистонда 2020 йил коронавирусга қарши кураш учун ажратилган маблағ нималарга сарфланди?
Махсус рағбатлантириш тўловлари миқдори 1 трлн 996,2 млрд сўмни ташкил қилган

Ўзбекистонда 2020 йил мураккаб шароитда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга жалб қилинган тиббиёт ва бошқа ходимларни рағбатлантириш мақсадида қўшимча тўловлар ҳам киритилган. Молия вазирлиги матбуот хизмати COVID-19’га қарши курашда сарфланган маблағлар бўйича ҳисобот берди.
Маълумотларга кўра, тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар турлари қуйидагича таснифланган:
- Ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов — 391,2 миллиард сўм;
- махсус рағбатлантириш тўловлари (5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача) — 1 триллион 996,2 миллиард сўм;
- беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов (100 миллион сўмдан 250 миллион сўмгача) — 10,7 миллиард сўм;
- санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимларининг соғлигига зарарлиги учун қўшимча рағбатлантириш тўловлари (ойлик маошига нисбатан 50 фоиздан 75 фоизгача) — 59,0 миллиард сўм;
- тез тиббий ёрдам ходимлари меҳнатини қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари (1 миллион сўмдан 2,5 миллион сўмгача) — 61,4 миллиард сўм;
- махсус поликлиникалар (COVID-марказ) ходимлари учун ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари (500 минг сўмдан 2,5 миллион сўмгача) — 10,1 миллиард сўм.
Қайд этилишича, 2020 йилда қисқа муддат ичида Зангиота туманида 4000 ўриндан иборат бўлган 2 та махсус шифохона ҳамда коронавирус юқтириб олишда шубҳа қилинган фуқароларни вақтинча карантинда сақлаб туриш учун Юқори Чирчиқ туманида 20 минг ўринли замонавий мажмуа қуриб битказилган.
Шунингдек, пандемия кучайган даврда 159 та тиббиёт муассасасида даволаш учун 25 минг 200 ўрин яратилиб, шундан оғир ҳолатдаги беморлар учун ўринлар сони 2500 тани ташкил этган. Бундан ташқари, 58 та йирик биноларни мослаштирилиши натижасида 15 мингта, шундан 1225 та оғир ҳолатдаги беморлар учун ўринлар яратилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунида COVID-19’га қарши кураш тадбирлари учун 3 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган. Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши ва коронавирус билан касалланган беморлар сонини ортиши ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағларни қайта кўриб чиқиш заруриятини юзага келтирган.
Натижада 2021 йил якунига қадар мазкур маблағлар миқдори 4,3 триллион сўмга етказилган, шундан вакцина сотиб олиш ва фуқароларни эмлаш ишларини ташкил этиш харажатлари 1,4 триллион сўмни ташкил этган. Ушбу қўшимча маблағлар республика бюджетидан ажратиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилгани хабар қилинганди.






