Тошкентдаги ҳарбий шаҳарча аукционда сотилди
Ер участкасининг умумий майдони 27,86 гектарни ташкил этади.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 60-сон ҳарбий шаҳарча 13 декабрь куни аукционда сотилди. Бу ҳақдаги тегишли маълумот E-auksion порталига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, онлайн аукционга қўйилган давлат мулки учун 3 нафар иштирокчи ўртасида баҳс борган.
Бошланғич нархи 204 миллиард 923 миллион 530 минг 152 сўм бўлган давлат мулки 1 соат 23 дақиқа давом этган савдода 15 қадам нархи оширилиб, 266 миллиард 400 миллион 589 минг 197 сўмга сотилган.
Савдода «Do’mbrobod city group» МЧЖ ғолиб, «Build power» МЧЖ резерв ғолиб деб топилди.
Маълумот учун, ер участкасининг умумий майдони 27,86 гектарни ташкил этади. Бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони 29 851 квадрат/метр.
Аввалроқ ҳарбий шаҳарча сотувга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.