«Яндекс» 2021 йил қанча даромад топгани маълум қилинди
IT ҳолдинг акциялари молиявий ҳисоботлар эълон қилинганидан кейин 8 фоизга ошди.

«Яндекс» IT ҳолдингининг 2021 йилги даромади 356,2 млрд рублни (4,651 млрд доллар) ташкил этди. Бу ҳақда компаниянинг 2021 йилги молиявий ҳисоботида маълум қилинди.
Россиянинг IT ҳолдинги 2020 йилга нисбатан йиллик даромади 63 фоизга ошгани ҳақида хабар берган. 2022 йил «Яндекс» ўзининг умумий даромадини яна 38–40 фоизга — 490–500 миллиард рубль (6,4–6,5 миллиард доллар)гача оширишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, Москва биржасида «Яндекс» акциялари ҳар бир акция учун 3749 рублгача сотилган, бир кун олдинги савдолар ёпилишига нисбатан 8 фоизга ўсган. IT ҳолдинг қимматли қоғозларининг ўсиши компаниянинг 2021 йилнинг тўртинчи чораги ва бутун фаолияти учун молиявий натижалари эълон қилинганидан кейин тезлашган.
«Яндекс»нинг 2021 йилдаги даромади 2020 йилга нисбатан 63 фоизга ўсиб, 356,2 миллиард рублни (4,651 миллиард доллар) ташкил этган. Натижалар компаниянинг 340–350 миллиард рубль даражасидаги даромад прогнозидан юқори бўлган, шунингдек, 351,1 миллиард рубль даражасидаги бозор прогнозларидан ҳам ошиб кетган.
Таъкидланишича, «Яндекс»нинг Россия қидирув бозоридаги улуши, жумладан, мобил қурилмалардаги қидирувлар 2021 йилнинг тўртинчи чорагида ўртача 60,2 фоизни ташкил этган. Бир йил олдин у 59,7 фоизни ташкил этган эди.
«Яндекс» бутун йил учун молиявий прогнозни ҳам тақдим этган. 2022 йилда компаниялар гуруҳининг умумий даромади 490–500 миллиард рубль бўлиши кутилмоқда, ёхуд 2021 йилга нисбатан 37,6–40,4 фоизга ошади. Рублдаги «Қидирув ва Портал» сегменти даромадларнинг ўсиши 2021 йилга нисбатан 15–18 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
«Яндекс.Такси» ва «Яндекс.Драйв»даги саёҳатларнинг умумий қиймати (GMV) 2022 йил учун 700–720 миллиард рублни ташкил этади. Электрон тижорат хизматлари бўйича айланма (GMV) («Яндекс.Маркет», «Яндекс.Лавка», шунингдек, «Яндекс.Еда»хизмати орқали ҳамкор дўконлардан буюртма қилинган истеъмол товарлари) 2021 йилга нисбатан 2 баравар ошади.
«ВТБ Капитала» таҳлилчилари ҳали ҳам «Яндекс»ни узоқ муддатли сармоя учун жозибадор компания сифатида кўрмоқда. Қимматли қоғозларнинг 12 ойлик мақсадли нархи ҳар бир акция учун 100 долларни ташкил этади. Шунга қарамай, IT ҳолдинг акцияларининг қисқа муддатли динамикаси компанияга боғлиқ бўлмаган омиллар, жумладан технологик компаниялар акцияларидан капиталнинг чиқиб кетиши ва геосиёсат билан белгиланиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда экспертлар.
Аввалроқ «Яндекс» коронавирус тест хизматини ишга туширгани хабар қилинганди. Шунингдек, «Яндекс» капиталлашуви биринчи марта 30 млрд доллардан ошгани ҳақида хабар берилди.






