
«Ипак йўлидаги саргузашт» — Британия нашри Ўзбекистонга ташриф буюришни тавсия қилди
The Stans’га бағишланган бўлим Регистон майдонининг расми билан тўлдирилган.

Буюк Британиянинг саёҳатга бағишланган Wanderlust нашри 2022 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни тавсия қилди.
«Ипак йўлидаги саргузашт. 2022 йилни ниҳоят Марказий Осиёни забт этиш йилига айлантиринг», дея ёзади нашр.
Қайд этилишича, сентябрь ойи The Stans бўйлаб саёҳат қилиш учун жуда қулай. Нега энди The Stans, бу нима дегани? Бу географик ҳудудни англатувчи атама бўлиб, унинг таркибига номланишда –истон қўшимчасига эга давлатлар киради: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистон. Ғарбда ушбу давлатлар битта қилиб The Stans, деб аталади.
«The Stans бўйлаб саёҳат қилиш учун энг яхши вақт — тоғларда салқин ва пастроқ баландликларда жуда иссиқ бўлмаган эрта куз. Девор билан ўралган шаҳарлар, тақир даштлар ва Ипак йўли карвонсаройлари орасидан сакраб ўтаётганингизда, бошқа ташриф буюрувчилар ой охиригача жўнаб кетади», дейилади нашр хабарида.
Хабарда Самарқанд шаҳрига алоҳида урғу берилган, Шунингдек, The Stans’га бағишланган бўлим Регистон майдонининг расми билан тўлдирилган.

«Тянь-Шань тоғларининг улуғвор кўллари ва кўчманчи чўпонларидан тортиб, қадимги Самарқанддаги Темурийлар ёдгорликларигача бўлган ушбу маршрут минг йиллар давомида тузилган», дейилади хабарда.
Аввалроқ Forbes Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та манзил рўйхатига киритгани хабар қилинганди.





