Forbes Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та манзил рўйхатига киритди
Нашр сайёҳларга Тошкентда ош ейишни тавсия қилган.

Машҳур Forbes журнали Ўзбекистонни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 50 та йўналиш рўйхатига киритди.
«Ўзбекистоннинг ажойиб инфратузилмаси сизга мамлакат пойтахти Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Хива — Буюк Ипак йўлидаги бекатларга бемалол саёҳат қилиш имконини беради. Уч шаҳар тезюрар поездлар орқали боғланган, Хива эса Бухоро билан совет давридаги поезд орқали боғланган, агар совет буюмларини ёқтирсангиз, унда мароқли бўлад», дейилади хабарда.
Нашр йўналишдаги ҳар бир шаҳар (Тошкентдан ташқари) UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига кириши ва диққатга сазовор жойларга бой эканини ёзган.
«Эски Хива шаҳри — Ичанқалъа ўзбек шаҳарлари орасида биринчи бўлиб маданий обидалар рўйхатига киритилган. Бухорода жуда кўп безатилган қадимий мадрасаларни (мактабларни) ўтказиб юборманг, Бухоро аркига ташриф буюринг ва савдо гумбазларидан эсдалик совғаларини сотиб олишни унутманг. Албатта, Самарқанд ўзининг нафис Регистон майдони билан ҳайратланарли», дея ёзади нашр.
Forbes Тошкент ҳақида ҳам ёзар экан, сайёҳлардан анъанавий таом — ошдан татиб кўришни унутмасликни сўраган.






