
Хитой 15 та шаҳарда блокчейн технологиясини синаб кўради
Технология энергетика, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўлланилади.

Хитой блокчейн технологиясини синаб кўриш учун 15 та шаҳар ва 164 ташкилотни танлади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълумотларга кўра, блокчейн маълумотлар алмашинувини осонлаштириши, бизнес тартиб-қоидаларини оптималлаштириши ва корхоналар ўртасидаги синергияни яхшилаши керак. Технология энергетика, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўлланилади.
Танланган шаҳарлар қаторига пойтахт Пекин, мамлакат жанубидаги Гуанчжоу ва жануби-ғарбдаги Гуйян киради. Расмийларга кўра, бу шаҳарлар суд жараёнини кенг қамровли тарзда ўтказади, бошқалари эса ишлаб чиқариш, энергетика, ҳуқуқий муаммолар, муаллифлик ҳуқуқи, трансчегаравий молиялаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш каби муайян соҳаларга эътибор қаратади.
Қайд этилишича, блокчейн билан боғлиқ инфратузилма саноат мақсадларида кенг миқёсда маълумотларни алмашиш учун жойлаштирилади. Дастурда иштирок этувчи ташкилотларга ўзаро ишлаш мумкин бўлган ҳамда барқарор аппарат ва дастурий таъминотдан фойдаланиш тавсия этилади.
Хитойда блокчейн ёрдамида 200 та «ақлли» шаҳарлар яратиш режалаштирилмоқда. Бу шаҳарларда ҳукумат режаларига кўра йиғилган технологиялар ва маълумотлар фуқаролар ҳаётини яхшилаш имконини беради.
Аввалроқ Хитой «учлик босим» остида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун асосий ставкани пасайтиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Хитой интернет устидан назоратни кучайтириши ҳақида хабар берилди.





