
Instagram’га янги функция қўшилди
Stories’ни неча киши баҳолагани тўғрисидаги маълумотни статистикадан кўриш мумкин.

Instagram янги — Private Story Likes функциясини ишга туширмоқда. Stories интерфейсида Like белгиси пайдо бўлади, бу фойдаланувчиларга Direct’га хабар юбормасдан постни баҳолаш имконини беради. Бу ҳақда The Verge ижтимоий тармоқ раҳбари Адам Моссери’га таяниб ёзмоқда.
Stories’га муносабат билдириш функцияси аввал ҳам мавжуд эди. Аммо барча реакциялар, ҳатто эможи ҳам, фойдаланувчига хабарнома шаклида келарди. Private Story Likes функцияси ушбу ноқулайликни бартараф этиш имконини беради.

Stories’ни неча киши баҳолагани тўғрисидаги маълумотни статистикадан кўриш мумкин. Ушбу ахборот эса фақат фойдаланувчининг ўзигагина кўринади.
Аввалроқ Facebook ва Instagram’да машҳур брендлар остидаги сохта буюмлар савдоси кескин ошгани хабар қилинганди.





