Xiaomi ва Huawei Россияга смартфон етказиб беришни сезиларли даражада камайтирди
Россия бозори Хитой брендлари смартфонларининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади.

Xiaomi ва Huawei Россияга смартфон етказиб беришни сезиларли даражада камайтирди. Бу ҳақда Financial Time хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Xiaomi, Oppo ва Huawei’дан Хитой смартфонларини етказиб бериш қарийб икки баравар камайган. Россия бозори ҳозирда Хитой брендлари смартфонларининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади.
Ғарб санкциялари фонида рублнинг қулаши туфайли Россияга смартфон етказиб бериш камайган. Рублнинг 35 фоиздан ортиқ пасайиши Россияга товарлар экспортини мураккаблаштиришга олиб келган.
Қайд этилишича, бундай шароитда валюта курсини қоплаш учун ишлаб чиқарувчилар смартфонлар нархини ошириши керак. Бу эса Россия иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати туфайли осон бўлмайди.
«Йўқотишларнинг олдини олиш учун нархлар ҳар куни ўзгариб, курсга мослашиши керак. Энди кўплаб рус дистрибюторлари валюта курси туфайли хавфларни камайтириш учун хитойлик ишлаб чиқарувчиларидан харидларни тўхтатиб қўйди», — дейди Иван Лам, Ҳонконгдаги Counterpoint Research консалтинг компанияси таҳлилчиси.
Аввалроқ, 2 март куни Apple Россияга электрон жиҳозларни етказиб бериш ва сотишни тўхтатиб қўйгани ҳамда айрим хизматлар, жумладан Apple Pay’дан фойдаланишни чеклаганини эълон қилганди. Бундан ташқари, компания хизмат кўрсатиш марказларида бузилган қурилмаларни таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларга пуллик буюртмаларни ҳам тўхтатди.





