Ўзбекистонда Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди
Президент қарори билан Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди. Институтда 2024/2025 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича дуал таълим тизими жорий қилинади

Ўзбекистонда Президент қарори билан Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:
- Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти;
- институт ҳузурида Агробизнес субъектлари салоҳиятини ошириш маркази — Capacity Building Center;
- Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳузуридаги Қўқон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш техникуми.
Қайд этилишича, институтнинг асосий вазифаларидан бири озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида кичик ва ўрта бизнес учун рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантирадиган мукаммал технологлар, етук кадрлар ва бизнес раҳбарларини тайёрлаш ҳисобланади.
Институтда ўқитиш инглиз, рус ва ўзбек тилларида ҳамда кундузги, сиртқи ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади.
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича дуал таълим тизими жорий қилинади.
Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш учун 2024 йил 1 январдан озиқ-овқат саноати ва уни қайта ишлаш бўйича илмий педагогик кадрлар таянч докторантура (PhD) ва докторантура (DSc) тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар институтга соҳага мос бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали 2-курсдан тўлов-контракт асосида қабул қилинади.





