Ўзбекистонда 2022 йили 25 тоннадан ортиқ истеъмолга яроқсиз гўшт йўқ қилинди
Ўзбекистон деҳқон бозорларига сотиш учун келтирилган истеъмолга яроқсиз 25,2 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 21,2 тонна сут ва сут маҳсулотлари йўқ қилинди

Ўзбекистон деҳқон бозорларига сотиш учун келтирилган истеъмолга яроқсиз 25,2 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 21,2 тонна сут ва сут маҳсулотлари йўқ қилинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров хабар берди.
Маълум қилинишича, республикада фаолият юритаётган деҳқон бозорларига сотиш учун келтирилган 3952 тонна гўшт, 611,7 минг дона тухум, 34747 тонна сут ва сут маҳсулотлари лаборатория таҳлиллардан ўтказилиб, 25,2 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлар, 21,2 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилди ва ўрнатилган тартибда йўқ қилинган.
Аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар
Республикада жами 18 167 та чорвачилик хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан қорамолчилик йўналишида 7614 та, қўй ва эчкичилик 3263 та, йилқичилик 142 та, туячилик 52 та, паррандачилик 1298 та, балиқчилик 4829 та, асаларичилик 715 та ва қуёнчилик 254 тани ташкил этмоқда.
Қайд этилишича, 2022 йилда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 9,7 триллион сўмлик 2031 та лойиҳа амалга оширилиб, 120 мингтадан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилган.
Мазкур лойиҳаларга халқаро молия институтларининг 150 миллион доллар имтиёзли кредитлари ҳамда 30 миллион доллар грант маблағлари жалб этилди.
Шунингдек, ушбу амалга оширилган лойиҳалар доирасида хорижий давлатлардан 46 минг бош наслли қорамол ва 144 минг бош наслли қўй ва эчкилар импорт қилинди.
Бундан ташқари йирик қорамолчилик йўналишида 300 бошдан 500 бошгача бўлган хўжаликлар сони 648 тага, 500 бошдан 1000 бошгача бўлган хўжаликлар сони 256 тага, 1000 бош ва ундан юқори бўлган хўжаликлар сони 171 тага етказилди.





