
Трампнинг яширин даромади. АҚШ президенти ишонмаган осмонўпар бинолар қандай қилиб унинг бизнес империясини энг қиммат активига айланди?
Доналд Трамп ўз номини брендга айлантириш ва ундан даромад олиш борасида жуда моҳир. Аммо унинг бизнес империясини энг қиммат активлари шахсий брендига эмас, балки умуман эътибор берилмаган иккита осмонўпар бинога боғлиқ. Қандай қилиб у ҳеч қандай куч сарфламай, миллиардлаб доллар ишлаб олди?

Нью-Йоркнинг Олтинчи авенюсидаги 1290-сонли бино ва Сан-Францисконинг Калифорния-стритдаги 555-сонли бино, ҳатто президентнинг исми ёзилмаган бўлса ҳам, Трамп портфелидаги энг қимматбаҳо мулкка айланган.
Манхеттенда юриб, АҚШ президентига алоқадор нарсага дуч келмасликнинг иложи йўқ. Бешинчи авеню устида Trump Tower бизнес маркази улкан ёзув ва қуролланган қўриқчилар билан қад ростламоқда. Унинг ёнида Trump Parc ва Trump Parc East турар жой мажмуалари жойлашган. Шунингдек, президент номи билан аталган яна бир нечта бинолар бор: Trump International Hotel & Tower меҳмонхонали турар жой мажмуаси, Trump World Tower турар жой мажмуаси ва Trump Plaza савдо маркази.
Буларнинг барчасидан ташқари, Трампнинг яна бир мулки бор: Олтинчи авенюдаги 1290-сонли бино. Бу улкан осмонўпар иншоот бўлиб, унна президентнинг исми ёзилмаган, бироқ у қолган барча бинолардан қимматроқ туради.
Ва бу тасодиф эмас. Дональд Трамп ўз брендини йиллар давомида мақтаган, ҳатто бир куни Forbes нашрига берган интервьюсида Trump савдо белгисининг репутацияси (моддий активларсиз) 5 миллиард долларга тенг эканини айтган. Бир вақтлар асосий актив бўлган бренд (ҳар қанақасига 5 миллиардга тенг бўлмаса ҳам) ҳозир бизнес учун ортиқча юкка айланган. Айниқса, АҚШ президенти бойлиги тўпланган Нью-Йорк каби мегаполисда.
Бренд учун биринчи хавотирли белги Trump Tower бизнес марказида 2016 йили, Трамп ўз сайловолди кампаниясини бошлаб, мексикалик муҳожирларни «зўравон» деб атаганида пайдо бўлганди.
Бир неча ҳафта ўтиб, у билан ҳамкорлик қилган бизнес шериклари ундан узоқлаша бошлайди. Бундан олдин улар миллиардернинг номидан фойдаланиш учун унинг брендини матраслар, футболкалар ва галстукларда жойлаштириш учун пул тўлар эди. Вақт ўтиши билан сиёсатнинг Трамп бизнес-империясига таъсири кучайиб борди. Trump бренди остидаги турар жой мажмуаларида уй нархлари пасая бошлади, АҚШнинг шимол-шарқий штатларидан Майамидаги унинг курортига саёҳат буюртма қилувчилар камайди, савдо майдонларини ижарага олган тадбиркорлар эса ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди.
Февралда АҚШ президентининг исми аввалроқ ёзуви олиб ташланган Торонто, Панама ва Нью-Йоркдаги бинолардан ташқари яна икки бинодан ўчирилиши маълум бўлганди. Дональд Трампнинг ўғиллари – кичик Дональд ва Эрик томонидан анъанавий республикачилар яшайдиган штатларда ўртача нарх тоифасидаги меҳмонхоналар тармоғини очиш уринишлари ҳам муваффақиятсиз якунланган.
Диверсификация активлари ҳеч қачон ортиқча бўлмайди. Трамп учун бу – Нью-Йоркдаги Олтинчи авеню, 1290 ва Сан-Францискодаги Калифорния-стрит, 555 манзилларида жойлашган, унинг шов-шувли номини олмаган икки асосий бино ҳисобланади. Trump Organization бу биноларни бошқармайди ва уларга бренддан фойдаланиш ҳуқуқини бермаган. Ушбу кўчмас мулкни Vornado номли давлат риэлторлик компанияси бошқаради, у ҳар икки ҳолатда мулкнинг 70 фоиз улушига эга. Қолган қисми эса Трампга тегишли.
Президентнинг бизнесдаги иштирокига қарамай, ижарачилар шартномаларни бекор қилмаяпти. Тўғри, уларнинг иккиси ҳам ўз ижара тўловининг бир қисми Дональд Трампга тушишини билмаган ва бу ҳақда Forbes таҳририятидан хабар топган.
Forbes’нинг баҳолашича, Америка президентининг 3,1 миллиард долларлик мулки таркибига кирувчи бошқа активлар қиймати, у лавозимга киришганидан бери 600 миллион долларга камайган. Бу, аввало, тижорат кўчмас мулк бозоридаги пасайиш ва бренднинг токсиклиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, Трамп номини олмаган икки офис осмонўпар бино қиймати аксинча, 230 миллион долларга ошган.
Бугунги кунда Нью-Йоркдаги 1290-сонли (Олтинчи авеню) ва Сан-Францискодаги 555-сонли (Калифорния-стрит) бинолар Трамп портфелидаги энг қимматбаҳо мулк ҳисобланади. АҚШ президентини миллиардер сифатида тан олишни истамайдиганлар айнан шу активларга эътибор қаратиши керак, чунки барча қарзлар чиқариб ташланган ҳолда уларнинг умумий қиймати 900 миллион долларга баҳоланади.
Бу сумма:
- Трампнинг гольф билан боғлиқ барча активларидан икки баравар,
- Унинг бренди учун берилган лицензиялар бизнесидан беш баравар,
- Флоридадаги Mar-a-Lago курортидан олти баравар,
- Вашингтондаги меҳмонхонадаги улушидан эса 17 баравар кўп.
Ушбу меҳмонхонага АҚШ президентининг ҳурматини қозониш учун бошқа давлат раҳбарлари ва лоббистлар ташриф буюради.
Жамоатчиликнинг Трамп бизнеси ва унинг халқаро муваффақиятсизликларига бўлган катта қизиқишига қарамай, АҚШдаги шу икки номсиз бино ҳозирги президент учун энг муҳим капитал қўйилмаларига айланган. Энг қизиғи, улар дастлаб Трампни умуман қизиқтирмаган ҳам.
Бундай муваффақият Трампнинг бизнес ақл-заковати билан эмас, балки бошқа омиллар билан боғлиқ. 1990-йиллар бошида у қарз ботқоғига ботган ва Манхэттеннинг Юқори Вест-Сайдидаги 30 гектарли участка учун 200 миллион долларлик кредитни қийналиб тўлаётган эди. Шу пайтда Гонконгдан келган бой инвесторлар гуруҳи унга манфаатли таклиф билан чиқади. Улар орасида миллиардер Генри Чен – кўчмас мулк, транспорт, зеб-зинот буюмлари ва қимор соҳаларидаги империя вориси ва кўчмас мулк магнати Винсент Ло каби бизнесменлар бор эди. Улар 89 миллион доллар эвазига Трампнинг қарзини сотиб олишади ва шу орқали унинг мулкини 70 фоиз улуши ҳамда унга тўлиқ назоратни қўлга киритишади. Шу тариқа, Трамп бизнесда асосий қарорларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. У “йўловчи ўрни”га ўтқазилади ва ҳозирда унинг 30 фоиз улуши 2044 йилгача ўзгармас ҳолда қолиши белгилаб қўйилган.
Трамп мазкур ҳудудда 16 та ҳашаматли кўп қаватли турар-жой биноларини қуришни режалаштирган эди. Аммо 2005 йилда, бозор таназзули хавфи туфайли, осиёлик инвесторлар қисман амалга оширилган лойиҳани 1,76 миллиард доллар эвазига сотишга рози бўлади. Улар ушбу битимдан тушган даромадни хавфсизроқ сармояларга йўналтиришни, аниқроғи, Нью-Йоркдаги Олтинчи авеню, 1290-сонли ва Сан-Францискодаги Калифорния-стрит, 555-сонли биноларни харид қилишни мақсад қилган эди.
Трамп эса бу ғояни илк бошиданоқ ёқтирмаган ва бу ҳақда Ченга йўллаган хатида очиқ-ойдин ёзган: «Биз юқорироқ нарх талаб қилишимиз керак!»
Ҳамкорлари унинг фикрига қулоқ солмайди, шунинг учун Трамп уларни судга бериб, битимни бекор қилишни ва 1 миллиард доллардан ортиқ зарар учун товон ундиришни талаб қилади. Унинг даъволари асосан ўзини ҳамкорларидан ақллироқ деб ҳисоблаши ва айрим дўстларининг фикрларига таянганлиги билан боғлиқ эди.
Масалан, инвестор Том Барак, кейинчалик Трампнинг инаугурация қўмитасига раҳбарлик қилган, гонконглик шерикларига факс орқали 2,9 миллиард долларлик норасмий таклиф йўллаган. Бизнесмен Ричард Лефрак, Трамп ҳукуматининг инфратузилма кенгашига таклиф қилинган шахслардан бири (кейин президент бу кенгашни ташкил қилиш ғоясидан тезда воз кечган), баъзи маълумотларга кўра, 3 миллиард доллар тўлашга ҳам тайёр бўлган.
Мустақил мутахассислар баҳолашича, мулкнинг ҳақиқий қиймати 1,6 миллиард доллар бўлган, гарчи гонконглик инвесторлар 1,76 миллиард долларгача таклифлар олган бўлса ҳам. Трампнинг сўзларини на унинг ўз шериклари, на судья жиддий қабул қилади. Натижада, даъво рад этилади ва битим амалга ошади. Ер участкаси ўрнига, гонконглик инвесторлар икки осмонўпар бинони харид қилади, Трамп эса ўз норозилигига қарамай, битимга мажбурий шерик бўлиб қолади.
Трамп «фожиавий хато» деб атаган ва олдини олишга ҳаракат қилган бу қарор кейинчалик унинг ҳаётидаги энг муваффақиятли битимга айланди.
Трамп ўз муваффақиятини миннатдорлик билдириши керак бўлган одам оммавий ахборот воситаларида кўринишни худди Трамп бутун диққат марказида бўлишни қанчалик истаса, шунчалик ёқтирмайди. Бу шахс – миллиардер Стивен Рот, Vornado риэлторлик компаниясининг бош директори. 2007 йил май ойида у гонконглик инвесторларнинг 70 фоиз улушини сотиб олиб, шу орқали АҚШнинг бўлажак президенти билан бизнес шериклигига киришади.
77 ёшли Рот ва Трампни узоқ йиллик тарих боғлаб турарди. 1990-йиллар бошида ҳар иккаласи ҳам Alexander’s универмаглар тармоғида йирик улушларга эга эди. Бу универмаглар чакана савдо билан мустақил шуғулланмаган, аммо энг нуфузли ҳудудлардаги савдо нуқталарига эга бўлган.
Ҳар икки тадбиркор бу бизнесни бошқариш борасида ўз қарашларига эга эди. Аммо қарз юки Трампни Юқори Вест-Сайдидаги қурилишга инвесторлар жалб қилишга мажбур қилгани каби, уни Alexander’s акцияларини Citibank фойдасига кредит тўловлари учун кафиллик сифатида топширишга ҳам мажбур қилади. Уч йил ўтиб, Стивен Рот ушбу акцияларни бозор нархидан 20 фоиз арзон нархда сотиб олди.
Муваффақиятсизликка учрагандан сўнг, Дональд Трамп Ротга нисбатан чуқур ҳурмат ҳис қила бошлайди ва ўзи ҳам худди шундай — муваффақияти фақат ўзига боғлиқ бўлган даҳоликка ва қатъиятга эга миллиардер образини яратишга интилади. Сайловолди кампанияси давомида Трамп уни иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиларидан бири этиб тайинлайди. Президент этиб сайлангандан сўнг эса, Лефрак билан бирга, Ротни ҳам қисқа муддат фаолият юритган инфратузилма кенгашига қўшади.
Шу тариқа, кўнгилочар ва қимор ўйинлари соҳаси магнатлари Шелдон Адельсон ва Фил Раффин, Marvel Entertainment раҳбари Айк Перлмуттер ва нефть-газ соҳасидаги йирик тадбиркор Харольд Ҳамм қаторида Vornado раҳбари ҳам ҳукуматда расмий лавозимга эга бўлмаган, аммо президентга яқин мулти-миллиардерлардан бирига айланганди.
Уларнинг шериклик муносабатлари ҳайратланарли даражада илиқ. Durst Organization риэлторлик компанияси раҳбари Дуглас Дарст бу ҳақда шундай дейди: «Стив баъзан дўстларига нисбатан ҳам жуда қаттиққўл бўлиши мумкин; Дональд билан эса иш юритиш умуман осон эмас. Уларнинг ҳамкорлиги ўн йилдан ортиқ давом этмоқда, гарчи бошида мен бу муносабат икки ой ҳам давом этмаслигига ишонган эдим».
Trump Organization матбуот котибаси Аманда Миллер эса шундай қўшимча қилади:
«Трамплар оиласи Стивен Ротни чуқур ҳурмат қилади ва уни қадрлайди. У ажойиб стратег, ташкилотчи ва менежер. Дунёдаги энг қиммат ва нуфузли икки кўчмас мулк мажмуаси билан боғлиқ Vornado билан ҳамкорлик қилиш — биз учун катта шараф».
Рот Трампга алоқадор бўлган мулкларни бошқаришни илк кунларданоқ жиддий қўлга олган. Vornado компанияси Олтинчи авеню, 1290 ва Калифорния-стрит, 555 биноларини сотиб олган заҳоти Рот миллионлаб доллар маблағни уларни реставрация қилишга сарфлаган. Бу узоқ муддатда объектлардан олинадиган даромадни ошириш мақсадида қилинган эди.
2012–2013 йиллар давомида компания Нью-Йоркдаги осмонўпар бинони косметик таъмирлаш учун 31 миллион доллар ажратади, натижада, дўкон витриналари, лифтлар ва фойе янгиланади. Бундай ўзгартишлар янги ижарачиларни жалб қилишга ёрдам беради.
2015 йилга келиб, ижарачилар бир квадрат метр учун ўртача 882 доллар тўлай бошлайди, бу эса тўрт йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 18 фоиз юқори эди. Умумий майдони 195 минг метр квадрат бўлган бу осмонўпар бинолар ижара ҳақи ошиши натижасида Vornado ва Трампга ҳар йили қўшимча 32 миллион доллар даромад келтира бошлайди.
Охирги икки йил ичида Олтинчи авеню, 1290 биносидаги ижара ҳақи ўсишда давом этади, гарчи Манҳэттен кўчмас мулк бозори умумий олганда пасайишни бошдан кечирмоқда. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Трампнинг 30 фоиз улуши бугунги кунда 100 миллион долларга қимматлашган, у Оқ уйга келган вақтдаги қийматига нисбатан.
Энди Стивен Рот ўз диққатини Сан-Францискода жойлашган 52 қаватли осмонўпар бино — Калифорния-стрит, 555 ва унинг ёнидаги иккита пастроқ иморатларга қаратган. 2015 йили у биржа таҳлилчиларига Монтгомери-стрит, 315 биноларидан бирини реставрация қилаётганини маълум қилган. Лойиҳа 2017 йили якунланиб, натижада ижара нархи деярли 50 фоиз ошганди.
Кейин навбат Монтгомери-стрит, 345 биносига келган. Таъмирлаш ишларининг ярми ҳам тугалланмасдан, Vornado Regus коворкинг компанияси билан 15 йиллик ижара шартномаси имзолайди. Трамп АҚШ президенти бўлган пайтда бу уч бинодан иборат мажмуанинг операцион даромади 19 фоиз ошади. Президентнинг ушбу активлардаги улуши эса тахминан 130 миллион долларга қимматлашган.
Рот ҳар доимгидек бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермаган. Лекин бу муваффақият унга байрамона кайфият бағишлаган бўлиши аниқ. Ўтган ноябрда у Сан-Францискода жойлашган ушбу комплексда катта тантанали тадбир ташкил қилган, меҳмонларга янгиланган интерьерни намойиш этганди. Гувоҳларнинг айтишича, маҳаллий ресторанлар ташриф буюрувчиларга бепул таом ва вино таклиф қилган.
Тадбирга 100 дан ортиқ меҳмон, шу жумладан риэлторлар ва таҳлилчилар келган. Бу маросимда афсонавий комик Жерри Сайнфилд саҳнада бир соатдан зиёд давом этган ҳажвий чиқиш қилган. Уолл-стритдаги биржа таҳлилчиси Жон Ким ҳам тадбирда иштирок этган бўлиб, у ўз таассуротлари билан ўртоқлашган: «Бу сўнгги иқтисодий таназзулдан аввалги йирик корпоратив маросимларга ўхшарди. Ҳаммаси юқори савияда ўтди».
Бироқ, бу муваффақиятдан энг кўп манфаатдор шахс — президент Дональд Трамп тадбирга ташриф буюрмаган. 30 фоиз улуши туфайли у бу «муваффақият ҳикояси»даги энг йирик шахсий фойда олувчига айланган.







