
Инфляцион кутилмалар: Коммунал хизматлар қимматлашиши ва энергия нархи асосий хавотир бўлиб қолмоқда
Апрелда аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,2 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолди. Тадбиркорларнинг кутилмалари эса бироз пасайиб 12,8 фоизгача тушди. Аҳолида ҳам, тадбиркорларда ҳам коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи ва энергия нархининг қимматлашиши асосий хавотир бўлиб қолмоқда.

Марказий банкнинг апрель ойида ўтказган сўровномаси натижаларига кўра, апрелда аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,2 фоизни ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолди.
Сўровнома иштирокчилари нархларни оширувчи асосий омиллар коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи ва энергия нархи қимматлашиши бўлишини кутмоқда. Эслатиб ўтамиз, 1 майдан Ўзбекистонда газ ва электр энергияси учун янги тарифлар кучга кирганди. Шу санадан бошлаб электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт/соат доирасида) 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса 650 сўмдан 1000 сўмгача (+53,8 фоиз) ошди.
Валюта курсининг ўзгаришидан хавотирларини билдирган респондентлар улуши кетма-кет тўртинчи ой камаймоқда (декабрдаги 55 фоиздан апрелдаги 38 фоизгача). Маълумот ўрнида, декабрь ойи бошида Марказий банк курси бўйича асосий хорижий валюта ҳисобланувчи долларнинг расмий алмашинув қиймати 12 минг 865 сўмни ташкил этган. 13 май ҳолатига эса кўрсаткич 12 минг 895 сўмга етди (+0.23 фоиз).
Шунингдек, транспорт харажатларини ошишини белгилаган сўровнома иштирокчилари улуши бироз ошди (28 фоиздан 29 фоизгача).
Асосий озиқ-овқатларнинг қимматлашиши ҳамда иш ҳақи ва нафақаларнинг ошишини тахмин қилаётганлар улуши пасайди. Монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши юзасидан хавотир билдирганлар улуши ўзгаришсиз қолган (26 фоиз).
Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари апрель ойида 12,8 фоизни ташкил этиб, мартдагига (13 фоиз) нисбатан пасайди. Бизнес вакилларида ҳам коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи ва энергия нархининг қимматлашиши асосий хавотир бўлиб қолмоқда ва бу хавотирлар апрель ойида кучайган (мос равишда +3 фоиз ва +1 фоиз).
Уларнинг валюта курсининг ўзгариши (43 фоиз), транспорт харажатлари (31 фоиз) ҳамда иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (23 фоиз) бўйича кутилмалари апрелда ўзгаришсиз қолган.
Солиқ юкининг юқорилиги ва хомашё нархларининг қимматлашиши нархларга оширувчи босим ўтказиши бўйича кутилмалар бироз ёмонлашган (мос равишда +1 фоиз ва +2 фоиз).
Соҳалар кесимида аҳоли ўртасида энг салбий кутилмалар ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган. Улар кейинги 12 ойда инфляция даражаси 17,2 фоизни ташкил этишини тахмин қилмоқда. Энг паст кутилмалар қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари томонидан белгиланган (12,8 фоиз).
Тадбиркорлар орасида эса энг оптимистик кутилмалар ҳунармандчилик соҳасига (10,7 фоиз), энг пессимистик кутилмалар қурилиш соҳасида ишловчи корхоналарга тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида аҳоли инфляцион кутилмалари Тошкентда энг юқори (16,9 фоиз), Навоий вилоятида энг паст (11,8) фоиз бўлди. Тадбиркорларнинг энг юқори кутилмалари эса Самарқанд вилоятида (13,8 фоиз), энг паст кутилмалари Қорақалпоғистон Республикасида (9,7 фоиз) қайд этилди.
Инфляция даражаси 8 фоиз ва ундан пастроқ бўлишини кутаётган респондентлар улуши Қашқадарё вилоятида энг кўп (39 фоиз), Андижон вилоятида эса энг кам бўлиб турибди (24 фоиз).
Даромадга эга бўлмаган, даромади 2 млн сўмгача ва 4−10 млн сўм оралиғида бўлган респондентларнинг инфляцион кутилмалари март ойидагига нисбатан ёмонлашган. 2−4 млн оралиғида ва 10 млн сўмдан кўп даромад олувчиларнинг инфляцион кутилмалари эса яхшиланган.





