
Ўзбекистонда молиявий ҳисобга эга бўлган хотин-қизларнинг улуши ошди — Global Findex
Жаҳон банкининг Global Findex 2025 ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда молиявий ҳисобга эга бўлган хотин-қизларнинг улуши 2017 йилдаги 28 фоиздан 2024 йилда 50 фоизгача ошган.

Қайд этилишича, тадқиқотда банк ҳисоблари билан бир қаторда мобил ҳисоблар ҳам инобатга олинган. Мобил иловалар орқали молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳам сезиларли даражада кенгайган. 2024 йилда катта ёшдагилар орасида 24 фоизи мобил ҳамёнлардан фойдаланган, 2017 йилда бу кўрсаткич атиги 5 фоизни ташкил этган.
Айниқса, мобил хизматлар қишлоқ жойларда оммалашмоқда, чунки бу ҳудудларда анъанавий банклар фаолияти сустроқ.
Шунингдек, сўнгги 12 ойда Ўзбекистон аҳолисининг 34 фоизи рақамли тўловлар амалга оширган.
Global Findex маълумотлари Жаҳон банки томонидан 2011 йилдан бери 120 дан ортиқ мамлакатларда олиб борилаётган сўровномалар асосида тузилади. 2025 йилги ҳисобот 2024 йилда ўтказилган сўров натижаларига таянади.






