Ўзбекистонда қайси маҳсулотлар кескин қимматлашгани очиқланди
Охирги бир йилда қайси товарлар нархида энг катта ўзгариш бўлди? Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган инфографикада ана шу саволга жавоб олиш мумкин. Унга кўра, 2024 йил июлидан 2025 йил июнигача бўлган даврда олтита товар нархи 30 фоиздан кўпроққа ошиб кетган.

Жорий йил июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 105 та товар ва хизматлар нархи 10 фоиздан зиёдга ўсди. Бу ҳақдаги маълумот Марказий банк тақдим этган инфографикада қайд этилган.
Таҳлилда 2025 йил июнда мамлакатда йиллик инфляция даражаси 8,7 фоиз экани келтирилган. Нархлари 10 фоиздан юқори ўсган товар ва хизматлар улуши 21 фоизни ташкил этган.
Озиқ-овқат маҳсулотларидан пахта ёғининг нархи энг юқори даражада ўсган — 43,5 фоиз. Шу билан бирга, картошка (36,5 фоиз) ва карам (37,4 фоиз) қиймати нисбатан кўпроқ ошган.
Қўй (32 фоиз) ва мол (30,5 фоиз) гўштлари ҳамда кунгабоқар ёғи (28,9 фоиз) ҳам 20 фоиздан ортиқ қимматлашган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан метан нархи энг юқори даражада ошган. Ўтган ойдаги кўрсаткичларга кўра, мазкур турдаги газ қарийб 36,2 фоизга қимматлашган.
Ўз навбатида қуйидаги маҳсулотлар нархлари ҳам ўртача инфляциядан юқори даражада ошган:
- Витаминлар — 12,5 фоиз;
- Антибиотиклар — 11,8 фоиз;
- Антигистамин препаратлар — 11,8 фоиз;
- Пропан — 11,3 фоиз;
- Атир совун — 10,3 фоиз.
Марказий банк қолган, нархи 10 фоизда юқори ўсган 93 та товар ва хизмат ҳақида ахборот бермаган. Хусусан, охирги 18 ойда хизматлар энг юқори даражада ўсаётганига қарамай, таҳлилда 10 фоиздан кўпга қимматлаган биронта хизмат номи келтирилмаган.
Жорий йил июнда аҳолининг келгуси 12 ойлик товарлар ва хизматлар нархлари кўтарилиши билан боғлиқ кутилмалари 13,2 фоизга тенг бўлганди. Марказий банк сўровида 50 фоизи қатнашчи коммунал тўловлар сезиларли ошишини кутаётгани ойдинлашган. Яна 45 фоиз респондент ёқилғи ва энергия қимматлашишини кутаётганини билдирган.




