Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан пастроқ — Марказий банк
Ўзбекистонда биринчи чоракда реал иш ҳақи 7,2 фоизга, иккинчисида эса 7,3 фоизга ўсди. Марказий Осиё давлатларида ўртача ўсиш 9,8 фоизни ташкил этди. Марказий банк шарҳига кўра, бу тафовутнинг узоқ вақт сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистонда харид қобилияти пасайиши ва талабнинг сусайишига олиб келади.

Сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан пастроқ шаклланмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг иккинчи чорак бўйича меҳнат бозори шарҳида сўз боради.
Таҳлилларга кўра, январь март ойларида Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоизга тенг бўлди. Айни пайтда, Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этди. Иқтисодиёти ўхшаш мамлакатлар билан кўрсаткичлар ўртасида бундай тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши яқин истиқболда Ўзбекистонда харид қобилияти пасайиши ва талабнинг сусайишига олиб келади, дейилади МБ шарҳида.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 долларни ташкил этди. Минтақа давлатлари орасида минимал иш ҳақининг энг юқори миқдори Беларусь (243 доллар), Озарбайжон (235 доллар) ва Монголияда (222 доллар) қайд этилди.
Ўзбекистонда йиллик минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмига нисбати 35 фоизни ташкил этди. Банкнинг изоҳлашича, ушбу нисбатнинг юқорилиги мамлакатда даромадлар нисбатан тенгроқ тақсимланганини кўрсатади, нисбатнинг пастлиги (хусусан, Қозоғистон (14 фоиз), Қирғизистон (14 фоиз) ва Грузия (12 фоиз) мисолида) эса, аксинча, даромадларнинг нотекис тақсимланганидан далолат беради.
Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиш суръатида апрель июнь ойларида ҳам сезиларли ўзгариш кузатилмади. Хусусан, иккинчи чоракда иш ҳақи номинал ўсиш суръати йиллик 17,2 фоизни, реал ўсиш суръати эса 7,3 фоизни ташкил этди. Мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6 млн сўмга тенг бўлди.
Соҳалар кесимида эса ўртача иш ҳақи молия ва суғурта (16,3 млн сўм) ҳамда ахборот ва коммуникация хизматларида (14,8 млн сўм) бошқа соҳаларга нисбатан юқорилигича қолмоқда.
Шу билан бирга, иккинчи чорак давомида саноат, ахборот, транспорт ва ижтимоий хизматлар соҳалари вакилларининг иш ҳақи бошқа тармоқларда фаолият юритувчи шахсларникига нисбатан реал ва номинал қийматларда юқорироқ ўсди. Иш ҳақининг энг кам ўсиши қурилиш соҳасида кузатилди. Ушбу соҳа вакилларининг ўртача иш ҳақи номинал қийматда йиллик 6,1 фоизга ошган бўлса, реал қийматда 2,8 фоизга камайди.


