Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ 412 минг сўмгача оширилади
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар муайян ҳуқуқларни олиш, рухсатномалар бериш ва бошқа ҳаракатлар учун йиғимлар — мажбурий тўловларни жорий этишни тартибга солади.
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлашнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Тегишли қонун 5 февраль куни президент томонидан имзоланди.
Ҳужжат солиқ солиш, рақобат ва бошқа соҳалар билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатларига тузатишларни ўз ичига олади. Ўзгартиришлар натижасида «аҳоли ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсон бўлишига сабаб бўлувчи» нормаларни тартибга солиш мақсад қилинган.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги БҲМнинг 50 фоизи ўрнига ойига 1 БҲМ (412 минг сўм) миқдорида белгиланмоқда. Шу билан бирга, улар бу солиқни ихтиёрий равишда тўлашлари мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар муайян ҳуқуқларни олиш, рухсатномалар бериш ва бошқа ҳаракатлар учун йиғимлар — мажбурий тўловларни жорий этишни тартибга солади. Янги таҳрирга кўра, йиғимлар фақат алоҳида қонунлар билан жорий этилиши мумкин, уларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби эса Солиқ кодекси ва «бошқа қонун ҳужжатлари»да белгиланади.
Бундан ташқари, Иқтисодий процессуал кодексда назорат қилувчи органларнинг аризасига кўра суд тадбиркорларнинг лицензия ва рухсатномаларини тўхтатиб қўйиши мумкин бўлган муддатга чеклов киритилди. Бу муддат 10 иш кунидан 6 ойгача бўлиши мумкин.
