Ўзбекистонга мигрантлар жўнатган пуллар миқдори беш йилда уч баравар ўсди
Марказий банк таҳлилига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Россия, Қозоғистон, Корея, Туркия каби анъанавий давлатлар билан бирга Европа ва Осиё меҳнат бозорига ҳам кенгроқ кириб бормоқда.
2025-йилда Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмалари 18,9 миллиард долларга етди. Бу 2020-йилдаги рақамлардан (6 миллиард доллар) уч баравардан, 2021-йилдагидан (8,1 миллиард доллар) икки каррадан зиёдга кўп.
Миграция географияси кенгаймоқда
Марказий банк таҳлилига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Россия, Қозоғистон, Корея, Туркия каби анъанавий давлатлар билан бирга Европа ва Осиё меҳнат бозорига ҳам кенгроқ кириб бормоқда. Масалан, ўтган йили мамлакатга Европа Иттифоқидан мигрантлар 563 миллион доллар юборган. Бу 2024-йилдагидан 253 миллион долларга ёки 37 фоизга кўпроқ.

Ўз навбатида 2025-йилда АҚШдан Ўзбекистонга 665 миллион доллар (йиллик ўсиш 15 фоиз), Кореядан 612 миллион доллар (ўсиш 15 фоиз), Буюк Британиядан 188 миллион доллар (ўсиш 39 фоиз) ўтказилган. Ўз навбатида Қозоғистондан 903 миллион доллар (2024-йилда 795 миллион доллар), Туркиядан 547 миллион доллар юборилган (бир йил олдин 406 миллион доллар) келиб тушган.

Россиядан пул тушумлари
Марказий банк шарҳида Ўзбекистонга Россиядан пул ўтказмалари бўйича рақамлар келтирилмаган. Лекин мамлакатга энг йирик пул оқимлари айнан Федерациядан келади. Масалан, 2025 йил январь–октябрь ойларида республикага хориждан 15,8 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган. Шундан қарийб 78 фоизи (12,3 миллиард доллар) Россиядан юборилгани очиқланган. Кейинги икки ойда ҳам 78 фоизлик тенденция давом этган дея тахмин қилинса, йил давомида хориждан жами пул ўтказмаларининг қарийб 15 миллиард долларга яқини Россия ҳиссасига тўғри келади.
“2025-йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан барқарор даражада сақланиб қолгани сабаб бўлди. Шу билан бир қаторда улардаги иқтисодий фаолликнинг ошиши ҳамда миллий валюта курслари мустаҳкамланиши ҳам таъсир қилди”, дейилади шарҳда.

БМТ маълумотларига кўра, 2024-йилда дунё бўйича халқаро мигрантларнинг катта қисми юқори даромадли мамлакатларда жамланган. Энг йирик мигрант қабул қилувчи давлатлар АҚШ (52 миллион кишидан зиёд), Германия (16,8 миллион), Саудия Арабистони (13,7 миллион), Буюк Британия, Франция, Испания, Канада, БАА ва Австралия (ҳар бири 8-12 миллион атрофида) халқаро мигрантни қабул қилмоқда. Юборувчи мамлакатлар орасида аҳолиси кўп ва иш ҳақи нисбатан паст бўлган давлатлар етакчилик қилади. Жумладан, Ҳиндистон, Мексика, Филиппин, Покистон ва Бангладеш каби мамлакатлар глобал меҳнат бозорида асосий донор давлатлар сифатида шаклланган.
