Ўзбекистонда ярим йилда кўчмас мулк савдоси 25 фоизга ошди
Битимлар сонининг ўсиши мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилган. Ойлик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган.
Июнь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги фаоллик сезиларли ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида келтирилган.
Марказ маълумотларига кўра, ўтган ойда кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 25 мингдан ошиб, май ойига нисбатан 23% га кўпайган.
Битимлар сонининг ўсиши мамлакатнинг барча ҳудудларида кузатилган. Ойлик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро вилоятида — 50,1%, Навоийда — 41,5% ва Самарқандда — 31,8% қайд этилган. Нисбатан мўътадил ўсиш Андижон (17,9%), Тошкент вилояти (12,2%) ҳамда Хоразм (0,9%) вилоятларида кузатилган.
Йиллик ҳисобда эса энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида — 35,7%, Сирдарёда — 26,9%, Навоийда — 26,3% ва Қорақалпоғистонда — 23,3% қайд этилган. Шу билан бирга, Жиззах (5,7%), Фарғона (3,6%) ва Тошкент вилояти (3,3%) да ўсиш суръатлари нисбатан паст бўлган.
Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, мамлакатда 171 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,3% ёки 34,5 мингта кўпдир.
Январь июнь ойларида барча ҳудудларда кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё (36,4%), Тошкент шаҳри (34,9%) ва Навоий (30%) ҳиссасига тўғри келган. Хоразм (16,7%), Бухоро (15,4%) ва Фарғона (12,1%) вилоятларида эса ўсиш суръатлари нисбатан мўътадил бўлган.
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 13,1 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38% кўп. Кредитлар 42,6 минг нафардан ортиқ фуқарога берилган бўлиб, маблағларнинг 75%и бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилди. Ҳудудлар орасида энг катта ҳажмдаги ипотека кредитлари Тошкентга (4,01 трлн сўм) тўғри келди.
