МБ: “Золотая Корона” орқали мигрантлар юборган пуллар фуқароларга одатдаги тартибда берилмоқда
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 9,3 млрд долларни ташкил этган. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан 13 фоизга кўпайган. Мазкур маблағларнинг қарийб 2,4 млрд доллари “Золотая Корона” тўлов тизими орқали келиб тушган.
Европа Иттифоқи санкциялари фонида “Золотая Корона” халқаро пул ўтказмалари тизими орқали Ўзбекистонга маблағ юборишда муаммо кузатилмаяпти. Бу ҳақда Марказий банк департаменти раҳбари Отабек Тожиддинов 29 июль куни Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 9,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан 13 фоизга кўпайган. Мазкур маблағларнинг қарийб 2,4 миллиард доллари “Золотая Корона” тўлов тизими орқали келиб тушган.
Отабек Тожиддинов “Золотая Корона” тизимидан фақат Россияда эмас, балки Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи давлатларидан ҳам фаол фойдаланилишига урғу берди.
“Фуқароларимиз Ўзбекистондаги банклар рекламаси ёки акцияларида ‘Золотая Корона’ номини кўриши табиий. Чунки ушбу тизимнинг ўзи халқаро пул ўтказмалари оператори сифатида санкциялар остига тушмаган. Санкциялар унинг техник хизмат кўрсатувчи, яъни корреспондент банкига нисбатан қўлланган”, деди мутахассис.
Марказий банк вакилига кўра, вазият доимий назоратда. Ўзбекистон банклари “Золотая Корона”нинг гаров депозитлари ҳисобидан фуқароларга пул маблағларини одатдаги тартибда беришда давом этмоқда. Мижозлар пулни исталган валютада олиши мумкин.
Отабек Тожиддинов Ўзбекистон иккиламчи санкциялар хавфига дуч келиши нияти йўқлигини айтди. Бунинг учун “Золотая Корон” раҳбарияти билан техник операторни санкциялар остида бўлмаган бошқа банкка ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
“Келгуси ҳафтадан янги операторга ўтиш ва тизим фаолиятини одатдаги режимда давом эттириш режалаштирилган. Вазиятнинг Ўзбекистонга таъсири сезиларли бўлиши мумкин. Бироқ уни тезкор бартараф этиш бўйича Марказий банк ва тижорат банклари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда”, деди Отабек Тожиддинов.
Маълумот учун, 2026 йил 23 июль куни Европа Иттифоқи Россияга қарши энергетика, молия ва криптовалюта соҳаларини қамраб олган 21-пакет санкцияларини тасдиқлади. Янги чекловлар 94 та Россия банки ва молиявий ташкилотининг активларини музлатиш ҳамда улар билан молиявий операцияларни тақиқлашни назарда тутади.
Санкциялар рўйхатига “Золотая Корона” тўлов тизими оператори ва ҳисоб-китоб маркази ҳисобланган РНКО “Платежний Центр” (ООО) ҳамда халқаро пул ўтказмаларининг бир қисми амалга оширилган “Цифра Банк” ҳам киритилганди. Чекловлар жорий этилгач, “Золотая Корона” Россиядан Грузия, Арманистон ва яна бир қатор давлатларга пул ўтказмаларини тўхтатди. Тизимнинг қўллаб-қувватлаш хизмати айрим йўналишлар энди мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.
