Банк омонатлари фоизларидан 5 фоизлик солиқ ундириш таклиф қилинмоқда
Ҳисоб-китобларга кўра, бу давлат бюджетига қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча тушум олиб келиши мумкин.
Ўзбекистонда банк омонатлари фоизларига 5% миқдорида солиқ жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда 30 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган Фискал мулоқотда маълум қилинди.
Ушбу таклифни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти билдирмоқда.
Тақдимотда қайд этилишича, 1998 йилдан буён банк омонатларидан олинадиган фоизлар солиққа тортилмайдиган ягона пассив даромад тури бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, бошқа пассив даромад турларига аллақачон солиқ қўлланади: дивидендлар — 5%, ижара даромадлари, роялти ва капитал ўсишидан олинган даромадлар эса 12% ставкада солиққа тортилади.
Ташаббус муаллифлари омонатлар бўйича фоиз даромадларини дивидендлар билан тенглаштириб, улар учун ҳам 5% лик солиқ ставкасини белгилашни таклиф қилмоқда. Бунинг учун Солиқ кодексининг 381-моддасига ўзгартириш киритиш талаб этилади.
Таклиф халқаро амалиёт билан асосланмоқда. Тақдимотга кўра, Қозоғистон ва Озарбайжонда (10% дан), Ҳиндистонда (10%), Индонезияда (20%), Таиландда (15%), Германияда (26,4%) банк депозитлари бўйича фоизли даромад солиғи амал қилади, Туркияда эса ставка 15% дан 40% гача ўзгариб туради.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, 5% лик солиқнинг жорий этилиши давлат буджетига қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча даромад келтириши мумкин. Ҳисоб-китоб 2026 йил 1 май ҳолатига жисмоний шахсларнинг 170,2 трлн сўм миқдоридаги депозитлари ҳажми, ўртача фоиз ставкаси 16% ва таклиф этилаётган солиқ ставкаси 5% га асосланган.
