Ўзбекистонда мансабдорларнинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди
Ҳужжатга кўра, ҳар бир ҳудудда моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун ҳудудий компенсация жамғармалари ташкил этилади.
Ўзбекистонда давлат органи ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларга етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тартибини белгиловчи қонун қабул қилинди. Тегишли ҳужжат президент томонидан имзоланди.
Қонун давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан ноқонуний қарор қабул қилиниши ёки ҳаракатсизликка йўл қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Бунда зарар суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида қопланади.
Ҳужжатга кўра, ҳар бир ҳудудда моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун ҳудудий компенсация жамғармалари ташкил этилади. Ушбу жамғармалар маблағлари маҳаллий бюджетларнинг захира жамғармалари, бюджетларнинг қўшимча манбалари, давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Агар зарар етказган шахс суд томонидан айбдор деб топилган бўлса, аввал зарар жабрланувчига ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қопланади. Кейинчалик ушбу маблағ айбдор шахс ёки тегишли давлат органидан регресс тартибида ундирилади.
Қонун билан Фуқаролик кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа айрим қонун ҳужжатларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкцияларни асоссиз қўллаган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Қонун лойиҳасига илова қилинган ҳужжатларда таъкидланишича, 2024 йил давомида суд инстансиялари тадбиркорларнинг 6 370 та шикоятини кўриб чиқиб, шундан 5 280 таси ёки 82 фоиздан ортиғи даъвогарлар фойдасига ҳал этилган. Бунинг натижасида 1,4 триллион сўмга яқин ноқонуний жарималар бекор қилинган.
