Ўзбекистонда 2028 йилдан углерод солиғини жорий этиш таклиф қилинди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги институт 2028 йилдан йирик саноат корхоналари учун углерод солиғини жорий этишни таклиф қилди. 2027 йилда эса солиқ ставкаси ва қамровини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини хатловдан ўтказиш режалаштирилган.
қтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти йирик саноат корхоналари учун углерод солиғини жорий этишга тайёргарлик кўришни таклиф этди. Бу ташаббус 30 июль куни ўтказилган «Фискал мулоқот»да тақдим этилди.
Институт тақдимотига кўра, тайёргарлик босқичини 2027 йилда ўтказиш режалаштирилмоқда. У чиқиндиларни хатловдан ўтказиш, солиқ базаси, ставкаси ва тўловчилар доирасини белгилашни ўз ичига олиши керак.
Солиқнинг ўзини эса 2028 йилдан бошлаб аввалига энг йирик манбалар учун жорий этиш таклиф қилинмоқда. Келажакда унинг амал қилиш доираси бошқа корхоналарга ҳам кенгайтирилиши мумкин.
Солиқ базаси сифатида иккита вариант кўриб чиқилмоқда: ис гази (углерод диоксиди) чиқиндиларининг амалдаги ҳажми ёки истеъмол қилинадиган углерод ёнилғиси ҳажми.
2029−2030 йилларда ставкаларни олдиндан эълон қилинган жадвал бўйича босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Солиқнинг аниқ параметрлари ҳозирда ишлаб чиқиш босқичида. Фискал самара 2028 йилдан кутилмоқда.
Солиқ нима учун керак?
Институтдагиларнинг ҳисоблашича, углерод солиғи чиқиндилар қийматини корхоналар харажатларига киритиш имконини беради. Бу компанияларни энергия самарадорлигини оширишга ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга ундаши керак.
Яна бир сабаб сифатида халқаро углерод тартибга солиш тизимининг ривожланиши келтирилмоқда. Чиқиндиларга ички нарх белгилаш ўзбекистонлик экспортчиларнинг хорижда углерод йиғимларини тўлаш хавфини камайтириши мумкин.
Таклиф таҳлилий характерга эга ва ҳозирча қабул қилинган қарор ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас.
