Йўлларда тезликни белгиланган меъёрдан соатига 80 км дан оширган ҳайдовчиларни “права”дан маҳрум қилиш таклиф этилди
Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун амалдаги жазоларга қўшимча равишда транспорт воситасини мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш каби ҳуқуқий механизмларни қўллаш ҳам кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фраксиялари йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, белгиланган тезликни соатига 80 километрдан ортиқ оширган ҳайдовчилар учун жавобгарликни кескин кучайтириш таклиф этилган. Бундай қоидабузарликни содир этган шахсларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда уларга маъмурий жазо қўллаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжат билан автомототранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш жазо чорасини жорий этиш, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришга бериш, ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ёки уларда иштирок этиш, шунингдек, юк автомобилларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавф туғдирадиган ҳолатда тўхтатиб қўйиш каби қоидабузарликлар учун ҳам алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилган.
Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун амалдаги жазоларга қўшимча равишда транспорт воситасини мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш каби ҳуқуқий механизмларни қўллаш ҳам кўзда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар таклиф этилаётган нормаларнинг амалиётдаги самарадорлиги юзасидан қатор саволларни ўртага ташлади. Хусусан, хорижий давлатлар тажрибаси, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, чекка ҳудудларда светофорларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, йўл белгилари ҳамда тезликни назорат қилувчи техник воситаларни ҳайдовчиларни олдиндан огоҳлантирувчи ҳудудларга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда қўпол йўл қоидабузарликлари учун транспортни вақтинча олиб қўйиш ёки мусодара қилиш чораларини жорий этиш таклиф қилинганди. Бу ҳақда ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Ибрагимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
У йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди ва давлат раҳбарига тақдим этилганини қайд этган.
