
Сардор Умурзоқов БАА бош вазирининг ўринбосари билан учрашди
Қиймати 500 млн долларга тенг бўлган 14 та инвестициявий лойиҳа портфели ишлаб чиқилмоқда.

Абу–Даби шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов БАА бош вазирининг ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Абу-Даби ривожланиш жамғармаси билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, жумладан, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури ҳамда таълим соҳасидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳам алоҳида қайд этилган.

Хабарга кўра, жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаол иш юритмоқда, хусусан, туризм соҳасида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, шунингдек, умумий қиймати 500 миллион долларга тенг бўлган 14 та инвестициявий лойиҳа портфели ишлаб чиқилмоқда.
Мулоқот чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия сектори, инфратузилмани ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш каби инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорликни диверсификация қилиш, БААнинг етакчи компаниялари қаторидан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторларни жалб этишга содиқлигини билдирган.
Аввалроқ Сардор Умурзоқов Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.





