Жамоат транспорти кечикиши, чанг ва тўлаб берилмаган компенсациялар. Тошкентдаги муаммолар саналди
Сенат ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эшитилди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисда Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Мажлисда айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди.
Маълум қилинишича, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган.
Шунингдек, жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча равишда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.
Қайд этилишича, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.
Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5–51,3 фоиз қувват билан ишламоқда.
Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши оқибатида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.
Аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор компанияга бир неча миллиардлик лойиҳалар тендерсиз берилгани айтилганди.





