
«‘Қўйлиқ’ бозорининг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ» — сенатор
Масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.

«Қўйлиқ» бозорининг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Бу ҳақда сенатор Толибжон Мадумаров Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилган.
«Биз ушбу масала ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилингач, жойига чиқиб ўрганиш ишларини олиб бордик. ‘Қўйлиқ’ни кўчириш бўйича шаҳар ҳокимининг қарори чиқмаган, ҳозирда бозорнинг кўчирилиши ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ», — дейди у.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилиши хабар қилинганди.
Шунингдек, «Қўйлиқ деҳқон бозори»нинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодиржон Нормирзаев аслида бозор кўчирилиши ҳақида хабар тарқалишига ҳеч қандай асос йўқлиги, бу хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки юқори ташкилотлардан бирор топшириқ келмаганини маълум қилганди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда «Қўйлиқ» бозори босқичма-босқич кўчирилишини таъкидлади.





