YouTube асосий ёлғон маълумот тарқатувчи платформалардан бири деб топилди
YouTube’да соғлиқ билан боғлиқ нотўғри маълумотлар узоқ вақтдан бери йиғилиб келган.

YouTube дунё бўйича асосий ёлғон маълумот тарқатувчи платформа экани аниқланди. Бу ҳақда «Inc.» ёзмоқда.
Дунё бўйлаб 80 дан ортиқ фактларни текшириш бўйича ташкилотлар гуруҳи YouTube’ни пандемиянинг икки йили давомида платформада тарқалаётган коронавирус ҳақидаги нотўғри маълумотларга қарши курашни бошлашга чақирди.
«Биз фактчеcкинг ташкилотларининг глобал тармоғи сифатида интернетда ёлғон тарқалишини кузатиб борамиз ва YouTube қандай қилиб бутун дунё бўйлаб ёлғон маълумот тарқатишнинг асосий каналларидан бирига айланганини ҳар куни кўриб турибмиз», — дейилади ташкилотлар очиқ хатида.
YouTube’га мурожаат қилган фактларни текшириш ҳамжамиятига PolitiFact, The Washington Post Fact Checker ва MediaWise каби АҚШ гуруҳлари, шунингдек, Африканинг Dubawa ва Africa Check, Ҳиндистоннинг Fact Crescendo ва Factly ҳамда Индонезия, Исроил, Туркия ва бошқа давлатлар ташкилотлари киради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, YouTube’да соғлиқ билан боғлиқ нотўғри маълумотлар узоқ вақтдан бери йиғилиб келган. Жумладан, саратон касалларини исботланмаган даволаш усуллари билан касаллик билан курашишга ундайдиган контентлар кўпайган.






