Fitch Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати кутилмасини оширди
Fitch Ratings Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги реал иқтисодий ўсиш суръати бўйича кутилмасини 3,1 фоиздан 5,1 фоизга оширди. Шунингдек, 2024 йилда реал ўсиш суръати 5,5 фоизга етиши прогноз қилинди. Агентлик таҳлилига кўра, 2022 йилги 11,7 фоизли инфляция кўрсаткичи 2024 йилга бориб 9,2 фоизга пасаяди.

Fitch Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати бўйича кутилмасини оширди. Бу ҳақда агентликнинг Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича ҳисоботида сўз боради.
Агентлик 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати бўйича кутилмасини 3,1 фоиздан 5,1 фоизга оширди. Бунга қулай экспорт нархлари, қўллаб-қувватловчи фискал сиёсат, пул ўтказмаларининг сезиларли ошгани ва валюта алмашув курсининг барқарорлашуви натижасида республика иқтисодиёти I ярим йилликда 5,4 фоиз ўсишга эришгани сабаб қилиб келтирилди.
Шу билан бирга, Fitch томонидан келгуси йилда кутилаётган глобал ўсишнинг заифлашуви оқибатида 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 4,7 фоизга ўсиши ва 2024 йилда босқичма-босқич амалга ошириладиган фискал консолидация ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва саноатга ижобий таъсир кўрсатадиган ислоҳотлар натижасида реал ўсиш суръати 5,5 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йилда жорий операциялар ҳисоби дефицити ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Мазкур кутилма олтин экспорти ва олтинсиз экспортнинг ўсиши ва пул ўтказмаларининг сезиларли ортгани билан изоҳланган.
Агентлик прогнозига мувофиқ, халқаро захиралар келгуси йилларда барқарор (2023-2024 йилларда — ўртача 33,5 млрд доллар) даражада сақланиб қолади. 2022 йилда инфляция даражаси ўртача 11,7 фоизни ташкил қилади ва 2024 йилга келиб 9,2 фоизга пасаяди.
Fitch прогнозига кўра, ижтимоий соҳа ва инвестиция харажатларини ҳисобга олган ҳолда консолидациялашган бюджет дефицити 2022 йилда ЯИМга нисбатан 4,8 фоизга етиб, 2023 йилда 4,1 фоизгача пасаяди.
Эслатиб ўтамиз, Fitch Ratings Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини BB- (барқарор) даражада тасдиқлади. Мамлакатнинг хом-ашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.






