Маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури қабул қилинди
Президентнинг республикада ишлаб чиқаришни ривожлантиришга оид қарори имзоланди.

Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Президентнинг 24 январдаги «Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш тизими самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) баҳолаш тизимини жорий этишни назарда тутади:
- тармоқ раҳбарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва ҳокимлар — янги турларни ўзлаштириш орқали ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар билан тўлдириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, импортни мақбуллаштириш учун;
- тармоқлар раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари ва ҳокимларнинг маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ёрдамчилари — ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, ҳамкорларга ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар техник параметрлари ва сифатини тегишли талаблар ва стандартларга мослаштиришга кўмаклашиш учун.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида маҳаллий маҳсулотлар контентини кенгайтириш бўйича рақобатбардош шароитлар яратиш мақсад қилинган. Бунда қуйидагилар кўзда тутилган:
- йирик инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендерлар ўтказиш жараёнида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларнинг қатнашиш имкониятларини кенгайтириш;
- ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштирадиган тендер савдолари иштирокчиларига асосий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун тез эскирадиган ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ўрта муддатли кафолатланган шартларда харид қилиш бўйича имкониятлар бериш.
Бундан ташқари, янги дастур хорижий ва маҳаллий инновацион технологиялар трансферини молиялаштиришнинг самарали тизимини яратишни ўз ичига олган. Шунингдек, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирадиган корхоналарнинг ходимларини уларнинг бошқарув органлари томонидан тасдиқланган шартлар ва тартиблар асосида рағбатлантириш асосий вазифалар сирасига киради.
Таъкидланишича, 2022 йилга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастури тасдиқланган. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг прогноз параметрлари;
- янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш йиғма кўрсаткичлари;
- иқтисодиёт тармоқлари томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати;
- ҳудудий корхоналар томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати ва бошқалар.
Шу билан бирга, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
- маркетинг тадқиқотлари, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш жараёнларида технологик кўмаклашиш, хорижий мутахассислар ва консалтинг компаниялари томонидан жиҳозларни ўрнатиш ва ишга тушириш;
- тендерлар ёки технология лицензиарларининг энг яхши таклифларини танлаш асосида аниқланадиган замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар қийматининг 50 фоизини тўлашга.
Ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида инвестиция шартномалари доирасида жалб қилинган хорижий инвесторларнинг маблағлари, биринчи навбатда, илмий тадқиқотлар ва тижоратлаштиришга тайёр бўлган технологиялар трансферини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади.
Тармоқлараро кооперацияни қўллаб-қувватлаш соҳасида трансферга тайёр илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш мақсадида Электрон кооперация портали орқали сотишга рухсат берилади.
Шунингдек, республика ҳудудида аввал ишлаб чиқарилмаган, маҳаллий корхоналар томонидан ўзлаштириладиган маҳсулотларни давлат органлари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ўрта муддатли шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш тизими жорий этилади. Бунда:
- кафолатли харид қилиш шартномалари бўйича танловлар ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар рўйхати доирасида амалга оширилади;
- ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар рўйхати Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали, Электрон кооперация портали ҳамда манфаатдор вазирлик ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
Бунда давлат органлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ўзининг импорт маҳсулотларга талаби асосида мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни ўзлаштираётган корхоналар билан кафолатли харид қилиш тўғрисидаги шартномаларни тузишга рухсат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24 январдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар ажратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ҳудудларда 200 та янги саноат зонаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилди.






