Молиявий мустақил бўлган ОТМлар, Tesla’ни портлатган финляндиялик ҳайдовчи ва Ўзбекистоннинг ташқи қарзи — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 27 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Молиявий мустақил бўлган ОТМлар
Ўзбекистонда айрим олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилди. Ўзбекистон Президенти томонидан 24 декабрь куни «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.
Ҳужжат билан Молиявий мустақиллик берилаётган давлат олий таълим муассасалари (ОТМ) рўйхати тасдиқланди.

Молиявий мустақиллик берилаётган давлат ОТМларига 2022 йил 1 январдан бошлаб бир қатор масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилади.
Tesla’ни портлатган финляндиялик ҳайдовчи
Финляндиялик Туомас Катайнен 22,6 минг долларга Tesla Model S автомобилини таъмирлатмаслик учун уни портлатиб юборди.
Маълум бўлишича, Туомас Катайнен 2013 йилда ишлаб чиқарилган Tesla’ни таъмирлаш учун устахонага борган. У ерда электромобилни тузатишнинг ягона йўли аккумуляторни алмаштириш эканлиги маълум бўлган.

Аккумуляторни алмаштириш эса тахминан 22,6 минг долларга тушиши ҳисоб қилинган. Tesla Model S русумидаги эски электромобилнинг нархи эса 30 минг доллар туради. Шундан сўнг электромобиль эгаси уни портлатиб юборишга қарор қилган ва шу иш билан шуғулланувчи блогерга мурожаат қилган.
Ўз навбатида, блогер Pommijätkät Tesla’га 30 килограмм портловчи моддани боғлаб, бўш карьерда уни портлатиб юборган. Бундан ташқари, ҳайдовчи ўриндиғига Илон Маск кўринишидаги қўғирчоқ ҳам ўрнатилган эди. Катайнен эса портлашни томоша қилиб завқ олганини таъкидлаган.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 37,6 миллиард долларни ташкил қилди.
Марказий банк матбуот хизматига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2021 йилнинг бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 миллиард долларга ошиб, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 миллиард долларни (2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 33,8 миллиард доллар) ташкил қилган.
Хусусан, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 миллиард долларга ўсиб, 22,9 миллиард долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 миллиард долларга ўсиб, 14,7 миллиард долларни ташкил этган.
Шунингдек, мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 миллиард долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 миллиард долларни ташкил этган. Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга қисқариб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 миллиард долларни ташкил қилган.
Ишбилармонлик фаоллиги индекси бўйича етакчи вилоят
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) бўйича энг юқори ўсиш суръати Жиззах вилоятида қайд этилган.
2021 йил ноябрь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси бўйича 13 та ҳудудда октябрь ойига нисбатан ўсиш кузатилган. Жиззах (44,3 фоиз), Бухоро (43,7 фоиз), Сурхондарё (42,6 фоиз), Андижон (40,0 фоиз), Самарқанд (39,1 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (41,2 фоиз) кўрсаткич сезиларли даражада юқорилаган.
Шу билан бирга Қашқадарё (–2,2 фоиз) вилоятида ўтган ойга нисбатан пасайиш кузатилган.
Bentley’дан эксклюзив Mulliner спорткари
Bentley яна бир эксклюзив спорткар тайёрламоқда, у Mulliner завод тюнинг-студияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Маълум бўлишича, модель Bentley Continental GT Speed купеси негизида ишлаб чиқарилади. Янги спорткарга эксклюзив кузов ва интерьер ҳамда кенг имкониятлар рўйхати тақдим этилади.
Қайд этилишича, жами 25 та ноёб купе ишлаб чиқарилади. Бу Bentley тарихида W12 двигатели билан жиҳозланган сўнгги модель бўлади.
Янги спорткарнинг тақдимоти 2022 йилда бўлиб ўтади. Эксклюзив автомобиль ишлаб чиқариш эса 2023 йилдан йўлга қўйилади.
Ўзбекистоннинг мис саноатидан даромади
Ўзбекистоннинг мис саноатидан оладиган даромади 2,5 миллиард долларни ташкил этади.
Маълум қилинишича, ишлаб чикарилаетган миснинг 60-70 фоизи хомашё сифатида хориж давлатларига экспорт қилинади. Ўзбекистоннинг мис саноатидан оладиган даромади айни пайтда 2,5 миллиард долларни ташкил этади.
«Агар 2029 йилга келиб мис ишлаб чиқаришни 400 минг тоннагача оширишга эришсак бу кўрсатгични ҳисобига 7-8 миллиард АҚШ долларига етказиш мумкин бўлади. ‘Ниманинг хисобига’ деган саволга жавоб: турдош тармоқларни хисобга олган ҳолда юқори қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳисобига», — дейди Умида Қаршибоева.
Маълум қилинишича, Президен топшириғига асосан мис саноати кластерини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Мис саноати кластери доирасида мисни чуқур қайта ишлаш 2029 йилга келиб 320 минг тоннага етказилиши кўзда тилмоқда.
Тошкент метрополитени учун яна 14 та янги поезд
Тошкент метрополитени учун йилда 14 та ҳаракат таркиби ҳарид қилиниши назарда тутилган.
Маълум қилинишича, 2020 йил ҳисобида «Тошкент метрополитени»да кунлик йўловчи ташиш ўрта ҳисобда 250-300 мингни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб 380-420 минг йўловчини ташкил этмоқда.
Хабарга кўра, Ўзбекистонга шу кунга қадар Россиянинг «Метровагонмаш» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган 60 та вагондан иборат 15 та ҳаракат таркиби олиб келинган. Бундан ташқари, йўловчилар қатнови тиғиз бўлган вақтларда пойездлар ҳаракатидаги оралиқ вақт интерваллари «Чилонзор» йўналишида 3 дақиқагача, «Ўзбекистон» йўналишида еса 4 дақиқагача, «Юнусобод» йўналишида еса 7 дақиқани ташкил этмоқда.
Шунингдек, ушбу муаммони ҳал етиш борасида ҳам бир қанча масалалар кўрилаётгани маълум қилинди. 2022 йилда 14 та ҳаракат таркиби ҳарид қилиниши назарда тутилган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






