Ўзбекистон ва Покистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказади
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки давлат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, савдо-иқтисодий, сармоявий, саноат, илмий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Исломободга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашувда икки давлатнинг асосий вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч, ўзаро ҳурматга асосланган икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар стратегик хусусиятга эга экани ҳамда Покистон ҳукумати раҳбарининг жорий йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи икки томонлама ҳамкорлик ривожланишига кучли туртки бергани таъкидланди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида икки давлат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, савдо-иқтисодий, сармоявий, саноат, илмий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
2016 йилдан буён 5 баробар ошган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг изчил ўсишига эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш борасидаги катта имкониятлар мавжудлиги, бунга жорий йилнинг март ойида имзоланган Транзит савдоси тўғрисидаги битим кўп жиҳатдан қўл келаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 500 миллион доллар ва бир неча йил ичида 1 миллиард долларга етказиш имконини берувчи ҳужжат – Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим юзасидан келишиш ва уни имзолаш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш истиқболлари қайд этилди.
Ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида йирик минтақавий транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Техник-иқтисодий жиҳатлар бўйича олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати, дала тадқиқотлари, минтақанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда ташаббусларни илгари суришнинг молиявий, техник ва ташкилий масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат вазирликлари ва идоралари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш асосида кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва шерикликни кенгайтириш динамикасини сақлаб қолишга содиқлик билдирилди. Бунинг учун 2023 йил бошида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги учрашувини ўтказиш бўйича келишилди.






