«Ўзбекистон ва Қозоғистон сармоя учун истиқболли давлатлар ҳисобланади» — украиналик бизнесмен
Украинадаги инвестицион муҳит салбий кўриниш олиши прогноз қилинган.

Украиналик бизнесмен Евгений Черняк Ўзбекистон ва Қозоғистон бозорини сармоя киритиш учун жуда истиқболли деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда тадбиркор ўзининг Facebook саҳифасида ёзиб қолдирди.
«Чет элликлар сармоя киритиши учун жой бор! Масалан, Африка жуда истиқболли. Ёки Ўзбекистон ва Қозоғистон жуда истиқболли сармоявий объектлар ҳисобланади», — дейди миллионер.
Евгений Черняк тармоқдаги саҳифасида бошқа бир украиналик тадбиркор Игорь Мазепадан иқтибос келтирган.
«Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Украинада мамлакат мустақиллигининг 30 йилида биринчи марта тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар салбий бўлади: инвесторлар мамлакатга киришдан кўра уни кўпроқ тарк этмоқда. Украина граната тутган маймундек кўрилмоқда», дея ёзади у.
Маълумот ўрнида, Евгений Черняк тадбиркорлик фаолиятини бир дўконни ижарага олишдан бошлаган украиналик муваффақиятли бизнесмен ҳисобланади. Forbes маълумотларига кўра, унинг молиявий ҳолати 470 миллион долларга тенг бўлиб, Украинанинг энг бой одамлари рўйхатида 19-ўринда туради.
Украинада инвестицион муҳитнинг салбий кўриниш олишига Россия билан муносабатларнинг кескинлашиши сабаб бўлмоқда. Сўнгги ойларда расмий Киев НАТО ҳарбий альянсига қўшилиш томон қадам ташлади. Бу эса Россияни хавотирга солиб, чегара томон қўшин тортишга ундамоқда. Шунингдек, ғарб ОАВ Россиянинг Украинага ҳужум қилиш режалари ҳақида кўп марта ёзди.






