
Ўзбекистонда барча давлат ОТМларининг ўқув адабиётлари электронлаштирилади
ОТМларда ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечилади.

Ўзбекистонда барча давлат ОТМларининг ўқув адабиётлари тўлиқ электронлаштирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ, 2022–2023 ўқув йилидан молиявий мустақил давлат ОТМларига бир қатор ваколатлар берилган.
Хусусан, академик мустақиллик соҳасида ўқув режалари, дастурлари, малака талабларини тасдиқлаш, таълим шаклини белгилаш, шунингдек, ўқиш давомийлиги муддатини белгилаш ва докторантура контракти миқдорини белгилаш, ўз ҳисобидан грант ажратиб докторантурага квотага қўшимча қабул қилиш ОТМларнинг ваколати этиб белгиланган.
Шунингдек, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш, магистратура учун сиртқи, масофавий ва кечки таълимни жорий этиш, академик мобилликни амалга ошириш, ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, таълим сифатини ички назорат қилиш борасида ҳам мустақиллик берилган.
Бундан ташқари, давлат ОТМларига ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида ҳам ваколатлар белгиланган. Булар жумласига тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш, муассаса тузилмасини тасдиқлаш ва штатини белгилаш, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдагиларини тугатиш, ишга қабул қилиш, озод этиш ва ротациясига оид тартибни белгилаш ҳамда масофавий таълимни очиш киритилган.
Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик (идора)ларнинг қуйидаги ваколатлари таълим муассасаларига ўтказилади:
- чет эл фуқаролари ўқишини хориждан давлат ОТМларига кўчириш;
- қабул комиссиялари таркиби, имтиҳон фанларини тасдиқлаш;
- амалиёт ўташни тасдиқлаш;
- кийим-бошга доир талабларни белгилаш.
Шу билан бирга, 2022 йил якунигача барча давлат ОТМларнинг ўқув адабиётлари тўлиқ электронлаштирилади ва ягона «Электрон кутубхона» платформаси ишга туширилади. Шунингдек, ОТМларда ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечилади. Таъкидланишича, олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимини жорий этиш бўйича икки босқичли дастур қабул қилинган.
Унга кўра, биринчи босқичда — 2022 йил 1 мартгача «Ўқув жараёнини бошқариш» қисми (давомат, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилади), «Илмий жараённи бошқариш» қисми, «Маъмурий жараённи бошқариш» қисми, «Молия-хўжалик фаолиятини бошқариш» қисми жорий қилинади. Иккинчи босқичда — 2022 йил 1 майгача «Таълим сифатини назорат қилиш» қисми жорий қилинади.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим ОТМларга молиявий мустақиллик берилгани хабар қилинганди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz




