Ўзбекистонда чет эл валюта олди-сотдиси операциялари бўйича воситачилик мукофоти миқдори пасайтирилди
Рубль-сўм ва юань-сўм олди-сотди операцияларида 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 31 майгача воситачилик мукофоти ундирилмайди

Ўзбекистон валюта биржаси тариф сиёсатига киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида ахборот эълон қилди.
Маълум қилинишича, «‘ЎзРВБ’ АЖнинг узоқ муддатли (2019–2023 йиллар) ва ўрта муддатли (2019–2021 йиллар) ривожланиш стратегияси»да битимлар ҳажми ва кўламини ошириш ҳамда бозор ликвидлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган мослашувчан тариф сиёсатини юритиш масаласи белгиланган.
Стратегияга кўра, ЎзРВБнинг валюта бозорида воситачилик мукофоти миқдорлари ва тартибини оптималлаштириш бўйича мослашувчан тариф сиёсатига асосланган ҳамда савдо ҳажмларини оширишни рағбатлантирувчи дифференциал тариф режалари ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, валюта савдолари иштирокчиларига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида чет эл валюта олди-сотдиси операциялари бўйича воситачилик мукофоти миқдорини 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, қарийб икки бараварга, яъни ўртача 0,027 фоизгача пасайтириш белгиланган.
Маълумот учун, ЎзРВБнинг валюта бозорида чет эл валютасидаги битимлар бўйича воситачилик мукофоти дилернинг чет эл валютаси хариди ва сотуви (сотуви ва хариди) ҳажмлари ўртасидаги мусбат фарқи, яъни нетто айланмасининг 0,05 фоиз миқдорида сўмдаги эквивалентда ундирилади.
Бундан ташқари, савдо иштирокчилари учун яратилаётган қулайликлар қаторида воситачилик мукофотини оптималлаштириш орқали биржа бозорларини жонлантириш мақсадида ЎзРВБнинг айрим инструментлари, жумладан RUB/UZS ва CNY/UZS валюта жуфтликлари олди-сотдиси, банклараро валютавий своп, дилерлараро РЕПО операциялари бўйича воситачилик мукофоти 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 31 майга қадар бўлган муддатга ундирилмаслиги бўйича қарор қабул қилинган.
Таъкидланишича, амалга оширилаётган тадбирлар тижорат банклари учун биржа савдоларда қатнашиш қийматини, банк мижозлари учун эса тижорат банкларида сотиб олинаётган чет валютаси қийматини арзонлаштириш орқали биржадаги валюта олди-сотди операциялар жозибадорлигини ошириш билан бир қаторда ЎзРВБда янги бозорлар ва, шу билан бирга, янги инструментлар жорий этилиши учун замин яратади.
Аввалроқ Марказий банк ва Жаҳон банки валюта сиёсатини либераллаштириш ишлари натижасини муҳокама қилгани хабар қилинганди.






