Ўзбекистонда деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 млрд сўм ажратилади
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга кадастр бўйича топшириқлар берди.

Ўзбекистонда деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Президент ҳузурида ер ҳисоби ва давлат кадастри юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда бўш ерлар тўғрисида аниқ маълумот йўқлиги таъкидланган. Шу боис, мутасаддиларга ишни қайси йўналишларда ташкил этиш борасида бир қатор топшириқлар берилган.
Хусусан, 2022 йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш белгиланган. Шунингдек, ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб беришни ташкил этиш қайд этилган.
Шунингдек, 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш вазифаси берилган. Ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш бўйича топшириқлар белгиланган.
Бундан ташқари, деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратилиши қайд этилган.
«Ҳокимлар бир нарсани ўзига ёзиб олсин. Деҳқон хўжалиги учун ерлар фақат танлов асосида ушбу маҳаллада яшайдиганларга, ‘дафтарлар’га кирганларга, деҳқончилик тажрибасига эга бўлганларга устуворлик асосида берилади», — деган Президент.
Шу боис, вилоят ҳокимларига бир ой муддатда келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни, энг аввало, захирага қайтарган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиб, лотларга бўлиб, танловга чиқариш топшириғи берилган.
Давлат раҳбари ер соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Бош прокуратура тегишли масъулларининг фаолиятидан мутлақо норози эканини таъкидлаган:
«Қонун билан ҳамма ваколатлар белгилаб берилди, жавобгарлик бир неча карра кучайтирилди. Лекин, амал қани?»
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев кадастр соҳасидаги муаммоларни танқид қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистондаги 100 дан ортиқ туманнинг «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га бюджетдан қўшимча маблағ ажратилиши хабар қилинди.






