Ўзбекистонда газ захирасининг куз-қиш мавсумига етиш-етмаслиги бўйича маълумот берилди
Ўзбекистонда 2021–2022 йиллар куз-қиш даврида 32 622 млн м³ табиий газ истеъмолчиларга етказиб берилади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги совуқ давр учун газ етарли ёки етарли эмаслиги бўйича маълумот берди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Маълум қилинишича, Энергетика вазирлиги газ билан боғлиқ ишлар қандай кечаётгани ва бу куз-қиш мавсумини ўтказиш учун етарли бўладими ёки йўқлигини тушунтирган. Жумладан, 2021–2022 йиллар куз-қиш даврида табиий газ ресурслари ва истеъмолчиларга тақсимлаш прогноз балансига мувофиқ 32 622,0 миллион м³ табиий газ республика маиший истеъмолчиларига етказиб берилади.
Шунингдек, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган шароитда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган рўйхатларга киритилган мавсумий истеъмолчилар муқобил ёқилғига ўтишлари шарт. Шу билан бирга, муқобил ёқилғига ўтиш ҳисобига ажралиб чиқадиган табиий газ ҳажмлари қўшимча равишда ижтимоий соҳа, стратегик аҳамиятга эга объектлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади.
«Бу яқинлашиб келаётган об-ҳаво шароити ва унга боғлиқ бўлган республикадаги истеъмол даражасига боғлиқ экани айтилган. Ғайритабиий совуқлар кузатилса ва ўз маблағлари етишмаса, республика аҳолиси ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни таъминлаш мақсадида газ хориждан сотиб олиниши мумкин. Якуний қарор ҳукумат томонидан қабул қилинади», дейилади хабарда.
Вазирликнинг таъкидлашича, 10 кундан буён ер ости газ омборларига газ қуйиш ишлари амалга оширилмаган, чунки режа 110 фоизга бажарилган. Айни пайтда тўпланган маблағлардан фойдаланилмоқда. Маълумотларга кўра, «Газли» газ омбори иншоотига 2 миллиард куб метрдан ортиқ, «Хўжобод» газ омбори иншоотига эса 930 миллион куб метрдан ортиқ газ қуйилган. Шунингдек, газни хориждан сотиб олиш имконияти ҳам истисно қилинмайди.
Аввалроқ Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида шакар ва суюлтирилган газ нархи пасайгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бензин импорти 137 миллион литрга ошгани ҳақида хабар берилди.






