
Ўзбекистонда Орол денгизидаги артемия цисти захирасини баҳолайдиган дастур патентланди
Дастур артемиянинг табиий кўпайишини сақлаш учун оптимал овлаш ҳажмини аниқлаш имконини беради

Ўзбекистонда Орол денгизидаги артемия цисти захирасини баҳолаш учун дастур патентланди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, дастурий таъминот артемия ва унинг цистлари миқдорини кўпайиш даврида аниқлаш учун мўлжалланган. Шунингдек, артемия цисталари балоғатга етмаган балиқлар, қисқичбақалар ва қисқичбақасимонларнинг ўсишини рағбатлантириш учун энергияга бой озуқавий манба ҳисобланади.
Дастур аҳамияти шундаки, олинган натижалар асосида артемиянинг табиий кўпайишини сақлаш учун қанча тонна артемия цистини овлаш мумкинлигини аниқлайди. Бу эса, ўз навбатида, Орол денгизи микрофлораси ривожланишига ёрдам беради.
Қайд этилишича, дастур муаллифларига «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига кўра ДГУ 11999 рақамли гувоҳнома берилган.
Аввалроқ Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 10 йиллик солиқ имтиёзлари берилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда қуёш коллекторининг иссиқлик қабул қилувчи ясси панели патентлангани ҳақида хабар берилди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz




