Ўзбекистонда туроператор ва турагентларга ажратилган субсидиялар бўйича маълумот берилди
Субсидиялар учун 4,8 млрд сўм маблағ йўналтирилган

Ўзбекистонда туроператор ва турагентларга махсус субсидиялар ажратилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да маълум қилинди.
Маълум бўлишича, мажлисда депутатлар «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларини рақамлаштириш ҳамда соҳага давлат-хусусий шерикликни жорий этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масалани муҳокама қилган. Депутатларнинг ушбу масала юзасидан саволларига Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов жавоб берган.
Вазирлик ахборотига кўра, туризм индустирияси бандлигини таъминлаш мақсадида 2020–2021 йилларда ички туризмга, шу жумладан, аҳолини саёҳатга жалб қилишга катта аҳамият берилмоқда. Туроператор ва турагентларга маҳаллий туристларга Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган саёҳатларнинг авиа ва темирйўл чипталари учун 15 фоиз ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари харажатларини қоплашга 10 фоиз миқдорда субсидия ажратилган. 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига ушбу мақсадлар учун 4,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Таъкидланишича, саёҳатларни ташкил этишда жамоалар шаклида, яъни «маҳалла жамоалари», «ёшлар жамоалари» ва «меҳнат жамоалари»дан таркиб топган гуруҳлар учун саёҳатларни ташкил этиш бўйича режа-жадваллари ишлаб чиқилиб ижрога қаратилган. Бу ўз навбатида, турпакетлар нархи арзонлашиши ва маҳаллий сайёҳлар оқимининг ортишига олиб келган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 6 миллион долларга маданий мерос объектлари рақамли платформаси яратилиши хабар қилинганди.






