Ўзбекистонда янги «мақсадли ипотека омонати» механизми жорий этилади
Янги механизмда харидор–банк–қурувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилади

Аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги «мақсадли ипотека омонати» механизми жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, янги «мақсадли ипотека омонати» механизмида:
• харидор – банк – қурувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;
• уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради;
• бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади;
• тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади.
Яъни, харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.
Рейтингда юқори ўринларда бўлган пудратчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун ерни аукциондан сотиб олиш тўловини аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ипотека кредити олишда қариндош бўлмаган шахслар кафил бўлишига рухсат берилгани хабар қилинганди.






