Ўзбекистондаги 27 та туманда хизмат кўрсатиш объектларини қуришга 200 млрд сўм ажратилади
Қуриладиган объектларда камида 50 мингта иш ўрни яратилиши белгиланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш объектларини қуришга 200 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, саноати ривожланган 27 та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади.
Таъкидланишича, Президент йирик инвестиция лойиҳалари атрофида хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғини берган. Бунда камида 50 мингта иш ўрни яратиш назарда тутилиши керак. Бу мақсадлар учун ушбу 27 та туманга 200 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда умумий хизматлар билан бирга замонавий агрохизматлар ривожлантирилади. Чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темир йўллари ўтган 100 та туман савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослашади.
Аввалроқ Ўзбекистонда уйида парранда ва қўй-эчки боқишни истаганлар учун 2 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда намунали маҳаллаларда фитнес кўчаларини яратиш учун 100 миллиард сўм ажратилиши ҳақида хабар берилди.






