Психологдан тавсия: 2022 йилда мақсадларга эришиш бўйича 4 та қоида
Ишчи столингизга ўзингиз учун қадрли бўлган инсонларнинг расмини қўйиб қўйинг.

Кўпчилик йил бошида мақсадларни шакллантиради, аммо ҳамма ҳам охиригача ўз ваъдаларини бажара олмайди. Чикаго университетининг Бут номидаги Бизнес мактаби хулқ-атвор фанлари профессори ва «Буни амалга ошир: мотивация фанидан ажойиб сабоқлар» китобининг муаллифи Айелет Фишбахнинг фикрича, одамлар ўз олдига ҳар куни ишлашга тайёр бўлмаган мақсадларни қўйганлиги сабабли муваффақиятсизликка учрайди.
Фишбах CNBC телеканалига берган интервьюсида белгиланган режага риоя қилишга ёрдам берадиган 4 та маслаҳат билан ўртоқлашди. Қуйида шулар ҳақида сўз боради.
Олдингизга ўзингиз учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган мақсадларни қўйинг
Бошланишига Фишбах ўзингизга иккита савол беришни маслаҳат беради.
Мақсадларим кимлигимга мос келадими ва улар орзуимдаги «мен» учун идеал мақсадларми?
Ўзингиз учун ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган мақсадларни англаб олганингиздан сўнг, унга мукофот боғлаш ёки тезда қониқиш йўлини топишингиз керак. Мисол учун, агар сизнинг мақсадингиз кўпроқ машқ қилиш бўлса, машғулотни ёқтирган мусиқангиз, подкастлар ёки аудиокитоблар билан бирлаштириб юборинг.
«Ўртадаги муаммо»ни ҳал қилинг
Фишбахнинг тушунтиришича, «боши ва охири аниқ белгиланган бўлса-да, мақсадга эришиш жараёнидаги оралиқ босқичлар узоқ ва нотўғри белгиланган бўлиши мумкин», шунинг учун одамлар ярим йўлда тўхтаб қолишга мойил.
Унинг маслаҳатига кўра, кичик мақсадларни белгилаш орқали «ўртадаги муаммо»га ечим топиш мумкин. Мисол учун, бир йилда эришиш мақсад қилинган режани ойларга, ҳафталарга агар иложи бўлса, кунларга бўлиб юборинг. Масалан, ҳар ой пулни тежаб, маълум бир сумма жамғариш йил охирида катта маблағни тежашга қараганда анча осон ва ҳақиқатан ҳам уддаласа бўладиган вазифадир.
Ўзингизни назорат қилишни машқ қилинг
Фишбахнинг таъкидлашича, одам иродасини тарбия қилаётганда, ўзига иккита савол бериши керак.
Иродасизлигимдаги асосий камчилик нимадан иборат? Қандай ҳолатларда мен иродасизлик қилиб, белгиланган режадан четга чиқиб кетишим эҳтимоли кўпроқ?
Ушбу саволларга жавоб топганингиздан сўнг, ўзингизга иродасизликка қарши туришга ваъда беришингиз керак ва ҳар сафар бунинг уддасидан чиққанингизда ўзингизни мукофотлашингиз керак. Шунда барчаси сиз тасаввур қилганингиздан анча осонроқ кечади.
Қўллаб-қувватлаш тизимини яратинг
Мақсадингиз атрофида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш жуда муҳим, дейди Фишбах. Сиз учун азиз бўлган инсонларнинг ёнингиздалиги ғайратингиз ва руҳиятингизга ижобий таъсир қилади, ҳатто улар жисмонан ёнингизда бўлмаса ҳам. Шунинг учун ишчи столингизга яқинларингизнинг расмини қўйиб қўйиш маслаҳат берилади.
Бундай ҳолатда яқинлариниз сизни кузатаётгандек туюлади.
«Бу тажрибалар, ўз навбатида, сизни муваффақиятга ва кўпроқ иш қилишга ундайди ва виждонлилик ҳамда сахийлик даражангизни оширади», — дейди мутахассис.






